Ўзбекистон–Покистон тадбиркор аёллари форуми ташкил этилади
Октябрь 09, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 50
ИСЛОМОБОД, 9 октябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаев ушбу давлатда хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар уюшмаси раиси Гулнора Маҳмудова бошчилигидаги делегация билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур ташриф Ўзбекистон ва Покистон ишбилармон аёллари ҳамкорлигини йўлга қўйиш, бизнес соҳасида тажриба ва билим алмашинувини кенгайтириш мақсадида ташкил этилди.
Элчи Алишер Тўхтаев делегация аъзоларига Ўзбекистон–Покистон муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида сўз юритди. Хусусан, икки мамлакат ўртасида сиёсий мулоқот фаоллашиб бораётгани, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, транспорт-логистика йўналишларини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ҳамкорлик нафақат давлатлараро муносабатлар, балки хусусий сектор, бизнес ҳамжамияти ўртасидаги кооперация ҳисобига ҳам янги мазмун билан бойиб бормоқда.
Шу нуқтаи назардан, хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш ва уларнинг тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш ўзаро шерикликнинг истиқболли йўналишларидан бири сифатида қайд этилди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Покистон ишбилармон аёллари ўртасида барқарор ҳамкорлик механизмларини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, икки мамлакат тадбиркор хотин-қизлари ўртасида бизнес алоқаларини йўлга қўйиш, уларнинг маҳсулот ва хизматларини ўзаро бозорларга олиб чиқиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда янги инвестициявий имкониятларни излаш бўйича фикр алмашилди.
Ўзбекистон–Покистон тадбиркор аёллари форумини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. Мазкур форумни икки мамлакат ишбилармон аёлларини бир майдонга бирлаштирувчи, янги бизнес шерикликларни шакллантириш, инвестициявий лойиҳаларни тақдим этиш ва ўзаро тажриба алмашиш учун самарали платформага айлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Покистон хотин-қизлар тадбиркорлиги соҳасида амалий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлашга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси