Ўш шаҳрида Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлигида ташкил этилган "Саламат" санатория-даволаш мажмуасининг янги биноси қурилишига тамал тоши қўйилди
Август 14, 2025. 11:48 • 2 дақ
• 179
ЎШ, 14 август. /"Дунё" АА/. Ўш вилояти Қорасув туманида Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳамкорлигида ташкил этилган "Саламат" санатория-даволаш мажмуасининг янги биноси қурилишига тамал тоши қўйилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Қирғизистон Президентининг Ўш вилоятидаги ваколатли вакили Элчибек Жантаев, Қорасув тумани раҳбарлари ҳамда Тошкент шаҳридаги "Акфа Медлайн" кўп тармоқли клиникаси ходимлари ва бошқалар қатнашди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳамкорлигида фаолият юритадиган мазкур тиббиёт маскани беш қаватдан иборат бўлиб, унда замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган жарроҳлик амалиётлари блоки, реабилитизация хоналари, конференц-зал ва илмий марказ жойлашади.
Янги тиббиёт маркази бир вақтда 70 беморни қабул қилиш имкониятига эга бўлади. Марказ тўлиқ ишга тушганидан кейин 100 та янги иш ўрни яратилади.
Лойиҳанинг умумий қиймати эса 3,5 миллион АҚШ долларига тенг. Қурилиш ишлари 2026 йил август ойида якунланади.
Тадбирда сўзга чиққанлар сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари натижасида икки мамлакат ўртасида дўстона муносабатлар барча жабҳаларда, шу жумладан, тиббиёт соҳасида ҳам жадал ривожланиб бораётганини таъкидладилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси