Марказий Осиё ва Озарбайжон ўртасида халқаро транспорт йўлакларининг самарали тизими яратилмоқда

Ноябрь 25, 2026. 10:00 • 3 дақ

• 19
Марказий Осиё ва Озарбайжон ўртасида халқаро транспорт йўлакларининг самарали тизими яратилмоқда

АШХОБОД, 25 ноябрь. /“Дунё” АА/. Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги Халқаро муносабатлар институтида “Марказий Осиё ва Озарбайжон қитъалараро халқаро транспорт йўналишларининг келажакдаги имкониятлари” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Бутунжаҳон барқарор транспорт кунига бағишлаб ўтказилган тадбирда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, ректор Гульшат Юсупова бошчилигидаги институт вакиллари, Туркманистон Муҳандислик-техник ва транспорт коммуникациялари институти, “Туркманистон транспорт-логистика маркази” ОАЖ, “Туркмен логистика” уюшмаси ходимлари ҳамда талабалар иштирок этди.

Ўзбекистон элчиси Равшан Алимов расмий Тошкентнинг минтақада ягона транспорт-логистика маконини шакллантириш ва унинг транзит салоҳиятини рўёбга чиқариш борасидаги ёндашувлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

Элчи Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг еттинчи ҳамда саккизинчи Маслаҳат учрашувларида илгари сурилган ташаббусларга алоҳида эътибор қаратди.

Хусусан, ҳукумат раҳбарлари ўринбосарлари даражасида Инфратузилмани ривожлантириш бўйича кенгаш тузиш, “яшил” йўлакларни ривожлантириш, амалдаги ва қурилаётган магистралларни тизимли равишда боғлаш, транспорт артериялари бўйлаб ишлаб чиқариш ҳамда саноат-логистика зоналарини ташкил этиш каби ташаббуслар долзарб аҳамиятга эга.

Шунингдек ўқинг

Маърузада минтақанинг етакчи инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида урғу берилди. Ишга туширилиши йиллик юк ташиш ҳажмини 15 миллион тоннагача ошириш имконини берадиган “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли қурилишининг стратегик аҳамияти хусусида фикр алмашилди. Ушбу йўлнинг Марказий Осиё мамлакатлари учун Ҳинд океани портларига энг қисқа чиқиш йўлини очиб берувчи “Термиз–Мозори-Шариф–Кобул–Пешовар” Трансафғон йўлаги билан истиқболда туташтирилиши муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон дипломати Ғарбий йўналишдаги маршрутларни диверсификация қилиш ҳақида сўз юритиб, Транскаспий халқаро транспорт йўналиши (Ўрта йўлак)нинг ўрнини алоҳида қайд этди. Бу борада Ўзбекистон тарифлар ва транзит қоидаларини уйғунлаштириш, Каспий ва Қора денгиз портлари – Оқтов, Туркманбоши, Боку, Поти ва Анаклия имкониятларидан фойдаланиш кўламини изчил кенгайтирмоқда.

Ўзбекистоннинг соҳани рақамлаштириш ва транзитни халқаро-ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга оид ташаббуслари, хусусан, Транспорт ва транзит тўғрисидаги минтақавий битимни ишлаб чиқиш, ИҲТ доирасида Рақамли транспорт ва божхона идорасини таъсис этиш ҳамда БМТ шафелигида денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатлар учун транзит кафолатлари тўғрисидаги глобал битимни тайёрлаш бўйича таклифлари тақдим этилди.

Конференция иштирокчилари Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон ўртасидаги стратегик шериклик халқаро транспорт йўлакларининг самарали ва ўзаро боғлиқ тизимини яратиш учун ишончли асос бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш