Ўш шаҳрида Алишер Навоий ҳайкалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди
Июль 05, 2025. 13:45 • 2 дақ
• 218
ЎШ, 5 июль. /"Дунё" АА/. Кеча Ўш шаҳридаги Навоий боғида буюк мутафаккир, шоир ва давлат арбоби Алишер Навоий ҳайкалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тантанали маросимда Ўш шаҳар мэри Женишбек Токторбаев, Халқ депутатлари Ўш шаҳар Кенгаши раиси Болотбек Баетов, шаҳар Кенгаши депутатлари, Қирғизистон ТИВ ходимлари, ўзбек миллий маданий марказлари фаоллари ва маҳаллий аҳоли вакиллари қатнашди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўш шаҳар мэри Женишбек Токторбаев Ўзбекистон ва Қирғизистон алоқаларининг бугунги ҳолати ҳақида тўхталиб ўтди. "Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаров давлат раҳбари сифатида иш бошлаганларидан буён, икки мамлакат ва халқ ўртасидаги алоқалар янги босқичга кўтарилди. Бугунги кунда ҳамкорлик ўрнатилмаган соҳа йўқ ва икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан ушбу дўстлик ҳамда стратегик ҳамкорлик муносабатлари энг юқори даражага чиқди", – деди у.
Халқ депутатлари Ўш шаҳар Кенгаши раиси Болотбек Баетов ўз навбатида, Навоий меросига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш ҳар бир туркий халқларнинг бурчи эканлигини таъкидлади. "Навоийга ўрнатилган ушбу ёдгорлик мамлакатларимиз тарихида муҳим воқеа бўлиб қолади ҳамда ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги яқин қўшничилик, қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади", – деди Кенгаш раиси.
Анжуман давомида Бобур номидаги Ўш шаҳар академик мусиқали драма театри ижодий жамоаси ва Ўш давлат филармонияси хонандалари томонидан Навоий ҳаётига бағишланган саҳна кўринишлари ҳамда буюк шоир ғазалларига басталанган мумтоз қўшиқларни ижро этилди.
Таъкидлаш керакки, Алишер Навоийга Ўш шаҳрида янгидан ўрнатилган ҳайкалнинг очилиши шаҳар жамоатчилиги томонидан юксак баҳоланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси