Logo

Бахромжон Аълоев: Марказий Осиё барқарорлик ва барқарор ривожланиш макони бўлиб қолмоқда

Август 14, 2025. 14:01 • 3 дақ

510
Бахромжон Аълоев: Марказий Осиё барқарорлик ва барқарор ривожланиш макони бўлиб қолмоқда

ТОШКЕНТ, 14 август. /«Дунё» АА/. Тошкентда "Марказий Осиё – ишонч, хавфсизлик ва барқарор тараққиётнинг умумий макони" мавзусида VIII Марказий Осиё экспертлар форуми (МОЭФ) бўлиб ўтмоқда, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Форумда табрик сўзи билан чиқиш қилар экан, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Бахромжон Аълоев мазкур Марказий Осиё экспертлар майдончаси минтақа давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари доирасида яратилган илк беш томонлама формат эканини, биринчи йиғилиш айнан 2018 йилда шу ерда, Тошкентда ўтказилганини таъкидлади.

— Ўтган вақт мобайнида мазкур майдонча минтақавий кун тартибининг асосий масалалари юзасидан фикр алмашиш ва таклифлар ишлаб чиқиш учун нуфузли платформа сифатида эътироф этилди, — деди у. — Қўшма саъй-ҳаракатлар туфайли ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва барча соҳалардаги асосий лойиҳаларни илгари суришда жиддий ютуқларга эришилди.

Жорий форумнинг асосий вазифаси – шу йил ноябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи маслаҳат учрашуви кун тартибини амалий таклифлар билан бойитиш эканини таъкидлар экан, Бахромжон Аълоев бу йил минтақавий ҳамкорлик контекстидаги энг муҳим воқеалардан бири учун тайёргарлик жараёнининг якуний босқичига яқинлашилганини билдирди.

У қайд этдики, маслаҳат учрашувлари ташкил этилганидан бери қисқа вақт ичида амалий ҳамкорликнинг тизимли механизмлари яратилди. Функционал меъёрий-ҳуқуқий база шаклланди, соҳавий идоралараро форматлар ташкил этилди, Миллий координаторлар институти таъсис этилди. Ўзаро муносабатларнинг узоқ муддатли устувор йўналишларини белгилайдиган қатор қўшма шартномалар, йўл хариталари, концепциялар қабул қилинди. Амалда барча даражаларда самарали ҳамкорликнинг янги тартиби жорий этилди, бу эса замонавий мураккаб чақириқларга биргаликда жавоб қайтариш имконини берди. Барча бу ишлар минтақавий ҳамкорликнинг кўп қиррали тизимли архитектурасини яратди.

— Дунёда вазият тобора зиддиятли ва башорат қилиб бўлмас ҳолатга айланаётган бир шароитда Марказий Осиё барқарорлик ва барқарор ривожланиш макони бўлиб қолмоқда, — деди у. — Бугун минтақа ўзига хос овози, келажак ҳақидаги қараши ва конструктив ҳамкорлик моделига эга бўлган ягона сиёсий субъект сифатида намоён бўлмоқда.

Сўнгги йилларда «Марказий Осиё плюс» мулоқот майдонлари орқали халқаро алоқаларнинг кенгайгани, улар сони учтадан ўн биртага етгани, кўпгина йиғилишлар давлат раҳбарлари даражасида ўтказилаётгани қайд этилди. Бу универсал формат иштирокчи давлатлар 80 миллиондан ортиқ аҳолисини бирлаштирди, уларнинг биргаликда ривожланиш истагига жавоб бўлди.

Дипломат маълум қилишича, Ўзбекистоннинг маслаҳат учрашувларида раислиги доирасида 20 дан зиёд тадбир ўтказиш режалаштирилган. Сиёсий бирдамлик ва барқарор ривожланиш учун муҳим бўлган асосий соҳавий масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йил бошидан бери 10 дан зиёд йирик тадбирлар ўтказилди. Улар орасида хавфсизлик кенгашлари котиблари, махсус хизматлар раҳбарлари, энергетика, сув ресурслари ва экология, саноат вазирлари йиғилишлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва ёшлар бўйича форумлар бор.

Ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари таъкидладики, амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги кўп жиҳатдан экспертлик ҳамроҳлиги ва стратегик режалаштириш сифатини оширишга боғлиқ.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш