Logo

Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи экспертлари Тошкентда хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликнинг янги кун тартибини муҳокама қиладилар

Май 23, 2024. 20:47 • 2 дақ

1446
Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи экспертлари Тошкентда хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликнинг янги кун тартибини муҳокама қиладилар

ТОШКЕНТ, 23 май. /"Дунё" АА/. Эртага Тошкент шаҳридаги Марказий Осиё халқаро институтида "Марказий Осиё – Европа Иттифоқи: хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликнинг янги кун тартиби" мавзусида эксперт конференцияси бўлиб ўтади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббусига асосан ҳамда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ва Европа Кенгаши Президенти томонидан 2023 йил 2 декабрь куни Чўлпонотада (Қирғизистон) бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари ва Европа Иттифоқи етакчиларининг иккинчи учрашувида эришилган келишувларга мувофиқ ўтказилмоқда.

Марказий Осиё халқаро институти ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси мазкур экспертлар конференциясининг ҳамташкилотчилари ҳисобланади.

Тадбирда Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терҳи Хакала, Европа Иттифоқининг терроризмга қарши кураш бўйича координатори Бартян Вегтер, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан ҳамда Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган дастур координаторлари ва лойиҳа менежерлари ҳамда хавфсизлик соҳасининг Европа Иттифоқи-Марказий Осиё форматида фаолият олиб борувчи Европа Иттифоқи тузилмаларининг қатор экспертлари иштирок этади.

Форумда Ўзбекистон томони ва Марказий Осиё мамлакатлари таҳлилий тузилмалар экспертлари, шунингдек, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари қатнашишади.

Конференцияда LEICA (Марказий Осиёда ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти), BOMCA (Марказий Осиёда чегараларни бошқариш дастури) ва CADAP (Марказий Осиёда наркотикларга қарши курашиш дастури) каби хавфсизлик бўйича ҳамкорлик дастурлари доирасида Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги олиб борилаётган жорий ҳамкорлик алоқалари таҳлил қилинади.

Шунингдек, терроризм, экстремизм ва радикализм, кибержиноятчилик, трансчегаравий уюшган жиноятчилик ва одам савдоси каби таҳдидларга қарши курашиш соҳаларида ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари ўрганиб чиқилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш