Logo

Қирғизистон билан минтақалараро ҳамкорликни фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди

Март 18, 2024. 08:29 • 51 сония

482
Қирғизистон билан минтақалараро ҳамкорликни фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди

ЎШ, 18 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Ўш шаҳридаги Бош консулхонаси ходимлари Қирғизистон Президентининг Жалолобод вилоятидаги ваколатли вакили Абсаттор Сиргабаев билан учрашди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Учрашувда Жалолобод ва Наманган вилоятлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш "Йўл харитаси" ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.


Музокаралар чоғида Қирғизистон томони вилоят, унинг иқтисодий салоҳияти ва ўзаро ҳамкорликдаги ўсиш нуқталари ҳақида маълумот берди. Тегишли "Йўл харитаси" ижроси доирасида икки вилоят расмий идоралари, ишбилармон доира ҳамда илм-фан ва маданият соҳалари вакиллари ўртасида учрашув ва мулоқотлар ташкил этилаётгани алоҳида таъкидланди.


Йилда икки марта тадбиркорлар ўртасида икки томонлама бизнес-форум ўтказиб келинмоқда. 2023 йилда ўтказилган тадбирлар доирасида турли корхоналар ўртасида 10 миллион долларлик шартномалар имзоланди. Туризм соҳасидаги ҳамкорлик ҳам жадал ривожланмоқда – 2023 йилда Жалолобод вилоятига Ўзбекистондан 10 мингдан ортиқ сайёҳ ташриф буюрди.


Учрашув якунида жорий йил давомида икки вилоят тадбиркорлари ва сайёҳлик соҳаси вакиллари ўртасида бизнес-форум, B2B учрашувлар ва инфо-турлар ташкил этиш масалаларини ҳамкорликда ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш