Ўзбекистон ва Қозоғистон чегара ҳудудлари инфратузилмаси ривожлантирилади
Август 04, 2025. 10:21 • 2 дақ
• 160
ОСТОНА, 4 август. / "Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Бахтиёр Ибрагимов Қозоғистон Молия вазирлиги қошидаги Давлат даромадлари қўмитаси раиси Жандос Дуйсембиев билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Суҳбат аввалида Жандос Дуйсембиев Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги изчил суръатларда ривожланаётган савдо-иқтисодий муносабатларнинг ижобий динамикасини таъкидлади.
Музокаралар давомида божхона тартиботларини соддалаштириш, божхона ахборот тизимларини уйғунлаштириш, замонавий логистика марказларини қуриш, шунингдек, юк ташиш ва етказиб беришда вақт ҳамда моддий харажатларни камайтириш учун чегара ўтиш пунктларини модернизация қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Ғишткўприк (Ўзбекистон) – Жибек Жоли (Қозоғистон) ва Давут-ота (Ўзбекистон) – Тажен (Қозоғистон) асосий чегара ўтказиш пунктларида таъмирлаш ишларини тезлаштириш орқали савдо ҳажмини ва туризм кўрсаткичларини ошириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашилди.
Сирдарё вилояти ҳудудида ташкил этилаётган Халқаро саноат кооперацияси маркази яқинида жойлашган Сирдарё–Атамекен чегара ўтказиш пункти инфратузилмасини замонавий талаблар асосида модернизация қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар мева-сабзавот ва бошқа тез бузиладиган юкларни ташишда қулайликлар яратиш, уларнинг тезкор ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида "яшил йўлак" тизимини жорий этиш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Бўлиб ўтган учрашув Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, логистика ва трансчегаравий ҳамкорликни кенгайтириш, икки давлат ўртасидаги товар айланмаси ва транспорт-транзит салоҳиятини оширишга қаратилган амалий чора-тадбирларни белгилаб олишда муҳим аҳамият касб этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўш шаҳрида Алишер Навоий ҳайкали ва унинг номи билан аталган шоҳкўча очилди
АДПИ педагоглари Қирғиз–ўзбек халқаро университети фаолияти билан танишди
Марказий Осиё давлатлари коррупцияга қарши курашда минтақавий ҳамкорликни кучайтирмоқда