Logo

Ашхободда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги ижтимоий-гуманитар йўналишлардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди

Июль 17, 2025. 09:13 • 55 сония

119
Ашхободда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги ижтимоий-гуманитар йўналишлардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди

АШХОБОД, 17 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Равшанбек Алимов Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси ўринбосари Байрамгул Ораздурдиева билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Туркманистон етакчиларининг қатъий сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари туфайли икки қардош давлат ўртасидаги яхши қўшничилик ҳамда стратегик шериклик муносабатлари янги босқичга кўтарилгани, икки томонлама ҳамкорлик барча жабҳаларда, жумладан, ижтимоий-гуманитар йўналишларда фаол ривожланаётгани таъкидланди.

Томонлар мамлакатларимиз халқлари ўртасида дўстлик ва амалий ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган илм-фан, таълим, ёшлар сиёсати, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга оид масалаларни муҳокама қилдилар.

Хусусан, таълим муассасалари ўртасида академик ва илмий алоқаларни чуқурлаштириш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувларини фаоллаштириш, ёшлар форумлари ва спорт мусобақаларини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, мулоқот чоғида тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги алоқаларнинг бугунги ҳолати кўриб чиқилди. Ўзбекистон ва Туркманистон тиббиёт муассасалари ўртасида илмий ва амалий алоқаларни кенгайтириш, шифокорларнинг ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, икки мамлакатда дори воситалари ва тиббиёт жиҳозларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган қўшма корхоналар ташкил этиш имкониятлари хусусида фикр алмашилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш