Logo

Ўзбекистон чарм-пойабзал саноати маҳсулотлари Италиядаги нуфузли халқаро кўргазмаларда намойиш этилди

Сентябрь 22, 2024. 14:14 • 2 дақ

195
Ўзбекистон чарм-пойабзал саноати маҳсулотлари Италиядаги нуфузли халқаро кўргазмаларда намойиш этилди

РИМ, 22 сентябрь. /"Дунё" АА/. Шу йилнинг 17-19 сентябрь кунлари Италиянинг Милан шаҳрида "Ўзчармсаноат" уюшмаси ва 10 дан зиёд маҳаллий корхона вакилларининг янги турдаги маҳсулотлари нуфузли "Simac Tanning Tech 2024" ва "Lineapelle" халқаро чарм-пойабзал саноати кўргазмаларида намойиш этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Мазкур кўргазма доирасида Ўзбекистон элчихонаси кўмагида тадбир ташкилотчиси - Италиянинг «Ассомак» пойабзал, чарм ва атторлик уюшмаси раҳбари Агостино Аполито билан самарали музокаралар ўтказилди.

"Assomac" уюшмаси мамлакатимизнинг чарм-пойабзал соҳасида мавжуд эҳтиёжлардан келиб чиқиб, технологларни ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш, маҳсулотларни сертификатлаш ҳамда ўзаро савдони ривожлантириш масалаларида «Ўзчармсаноат» уюшмаси билан яқин ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Мулоқот чоғида Италия технологияларига хизмат кўрсатишга ихтисослашган "Сервис маркази"ни очиш ва маҳаллий мутахассисларни ўқитиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, ушбу кўргазма доирасида маҳаллий корхоналаримиз Италия, Испания, Португалия, Венгрия, Индонезия, Ҳиндистон, Туркия ва Эрон компаниялари билан музокаралар олиб бориб, экспорт ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномаларни имзоладилар.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, 1973 йилда илк бор ўтказилган "Simac Tanning Tech 2024" ва "Lineapelle" халқаро чарм-пойабзал саноати кўргазмалари бугунги кунга келиб ҳар йили 300 дан зиёд Италия ва хорижнинг нуфузли чарм, атторлик ва пойабзал саноати компанияларини ўзида жамлайди. Унда технологик инновациялар, дизайнерлик ғоялари, чарм-пойабзал ва бошқа турдаги маҳсулотлар намойиш этилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш