Швеция компанияси алоқа соҳасида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишини маълум қилди
Октябрь 16, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 76
СТОКГОЛЬМ, 16 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг мутасадди идоралари вакиллари ҳамда Швециянинг “Ericsson” телекоммуникация компанияси раҳбарлари ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокараларда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги вакиллари, “Ericsson” компаниясининг Жанубий Европа ва Евроосиё бўйича раҳбари Андреа Миссори ҳамда Марказий Осиё ва Озарбайжон бўйича раҳбари Айдин Абжанбеков иштирок этди.
Компания вакиллари Ўзбекистонга стратегик жиҳатдан муҳим бозорлардан бири сифатида қарашини ва мамлакатимизда ўз фаолиятини ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди. Томонлар 5G тармоқларини ривожлантириш, радиоалоқа тизимлари ва таянч телекоммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича маҳаллий мобил операторлар билан ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилди.
“Ericsson” мобил тармоқлар учун аппарат ва дастурий ечимлар, рақобатбардош тижорий шартлар ҳамда зарурат туғилганда, халқаро молия институтларини жалб этган ҳолда молиялаштириш механизмларини таклиф этишга тайёрлигини маълум қилди.
Ўзбекистон томони мамлакат телекоммуникация бозори хорижий компаниялар ва инвесторлар учун очиқ эканини таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар 2026 йил охирига қадар “Ericsson” делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш ва тегишли вазирликлар ҳамда маҳаллий мобил операторлар билан музокаралар ўтказишга келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси