Logo

Ўзбекистон дипломатлари Покистоннинг йирик хусусий транспорт компанияси билан 2025 йилдаги режалар келишиб олди

Январ 04, 2025. 17:29 • 2 дақ

263
Ўзбекистон дипломатлари Покистоннинг йирик хусусий транспорт компанияси билан 2025 йилдаги режалар келишиб олди

КАРАЧИ, 4 январь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг Карачи шаҳрида TCS транспорт-логистика компанияси раҳбари Халид Аван билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида икки мамлакат савдо алоқаларининг изчиллигини таъминлаш, товарларни ўз вақтида ва сифатли етказиб бериш механизмлари, давлатларимизнинг транспорт-транзит салоҳиятидан тўлақонли фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Халид Аван 2022 йил март ойида мамлакатимиз раҳбари билан учрашувини илиқ хотиралар билан эсга олиб, Ўзбекистон Президентининг минтақавий боғлиқлик ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.

"Марказий ва Жанубий Осиё минтақавий боғлиқлик ташаббуси Ўзбекистон ва Покистоннинг транзит ташувлардаги хаб имкониятларини тўлиқ ишга солиш, ҳаво, автомобиль ва темир йўл инфратузилмалари салоҳиятидан оқилона фойдаланиш, икки томонлама савдо ҳажмларини максимал оширишга хизмат қилади", - деди TCS раҳбари.

Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги транспорт/транзит ташувларининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида компания ўзаро муқобил йўналишларни ишлаб чиққанини ва фойдаланаётганини, бу фавқулодда юзага келиши мумкин бўлган вазиятлардан тезкор чиқиб кетиш имконини бераётганини маълум қилди.

Шунингдек, Халид Аван Покистон ва Ўзбекистон ўртасида авиакарго хизматини йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди. Таъкидлашича, бу хизмат тури тез айнийдиган ва қисқа муддатларда етказиб берилиши зарур бўлган маҳсулотларни ташишда кенг имкониятлар яратади.

Бундан ташқари, компания Европа ва Америка давлатлари билан туризм йўналишидаги ҳамкорлик тажрибаси асосида Ўзбекистон билан ҳам алоқаларни йўлга қўйиш, TCS бош офиси қошида "Uzbekistan visa facilitation centre" визага кўмаклашиш марказини ташкил этишни режалаштираётганини маълум қилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш