Ўзбекистон дипломатлари Телангана штати компаниялари билан икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди
Апрель 07, 2024. 13:53 • 2 дақ
• 152
ҲАЙДАРОБОД, 7 апрель. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Ҳиндистоннинг Телангана штатида ҳудудлараро алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокамасига бағишланган қатор учрашувлар ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Телангана Ҳиндистоннинг жанубида жойлашган бўлиб, мамлакатнинг энг ёш штати ҳисобланади. 2014 йилда ташкил этилган Телангана изчил ривожланиш кўрсаткичларини намойиш этмоқда. Янги корхоналар барпо этиш ва инвестициялар жалб қилиш бўйича инновацион ташаббуслар ўз натижасини бермоқда. Бугун мазкур ҳудуд Ҳиндистон ҳукуматининг "Бизнес юритишдаги енгиллик" рейтингида энг яхши штатлар сафидан мунтазам жой олиб келмоқда.
Штатда тиббиёт ва фармацевтика йўналиши, айниқса, жадал ривожланиб бормоқда. Статистика маълумотларига кўра, Телангананинг Ҳиндистон фармацевтика саноатига қўшаётган ҳиссаси 30 фоизга тўғри келади. Штат маъмурий маркази – Ҳайдаробод шаҳрида тиббий-биология фанлари ва тиббиёт технологиялари соҳасида 20 га яқин инкубаторларнинг фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу шаҳар 2028 йилга келиб, 100 миллиард долларлик айланма маблағига эга бизнес-генераторга айланиши мумкин, деб башорат қилинмоқда.
Шу боис элчихона томонидан уюштирилган учрашувлар доирасида тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари асосий мавзуни ташкил қилди.
Бизнес доиралари вакилларига Ўзбекистонда сўнгги йилларда тадбиркорлик фаолияти юритиш учун яратилган қулай муҳит, янги корхоналар ташкил этиш ва инвестициялар жалб қилиш давлат томонидан кенг қўллаб-қувватланаётгани, тиббиёт ва фармацевтика йўналишларидаги эркин иқтисодий зоналар ва кластерлар самарадорлиги ҳақида батафсил сўзлаб берилди.
"Hetero" компанияси халқаро маркетинг масалалари бўйича бош бошқарувчиси Шиям Акку, "Bharat Biotech" компанияси халқаро бизнес бўйича вице-президенти Венка Сиварамакришнан, "Health on us" компанияси халқаро маркетинг масалалари бўйича бош бошқарувчиси Вижай Бабу ва бошқалар билан бўлиб ўтган мулоқотлар чоғида тиббиёт, фармацевтика, шахсий саломатлик каби соҳаларда ҳамкорлик қилиш, қўшма лойиҳалар ташкил қилиш ва халқаро бозорда рақобатбардош бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш истиқболлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, ахборот технологиялари, кўчмас мулк, туризм, бадиий ва ҳужжатли фильмлар суратга олиш соҳаларида инвестициявий ҳамкорлик қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Телангана штати йирик компаниялари вакиллари Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишни янада ривожлантиришдан манфаатдорлик билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Чехия ўртасида ҳамкорлик кенгайтирилади
Польшадаги агентлик Тошкентда ўз ваколатхонасини очмоқчи