Logo

Ўзбекистон ҳудудлари ва Хитойнинг Гуандун провинцияси ўртасида савдо-иқтисодий алоқалар янада жадаллашади

Август 12, 2024. 07:34 • 52 сония

274
Ўзбекистон ҳудудлари ва Хитойнинг Гуандун провинцияси ўртасида савдо-иқтисодий алоқалар янада жадаллашади

ГУАНЧЖОУ, 12 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси дипломатлари Гуандун провинцияси Халқ конгресси ташқи ишлар қўмитаси канцелярияси бошлиғи ўринбосари Ван Тяньлянь бошчилигидаги делегация билан музокара ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Хитой томони Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий амалга оширилган ислоҳотлар, бизнес муҳитни яхшилаш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, маҳаллий корхоналарнинг экспорт салоҳиятини ошириш йўналишида олиб борилаётган ишлар билан таништирилди.

Мамлакатимиздаги имкониятлар билан яқиндан танишиш мақсадида Гуандун провинцияси Халқ конгресси раҳбарияти бошчилигида ишбилармон доиралари вакиллари делегацияси Ўзбекистонга таклиф этилди.

Ван Тяньлянь Ўзбекистон ҳудудлари ва Гуандун ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқалар ривожланиб бораётганини қайд этиш баробарида, провинциядаги йирик компаниялар ўзбек томони билан алоқаларни кенгайтиришдан манфаатдорлигини таъкидлади.

"Мамлакатларимиз қадимий Буюк ипак йўли доирасида ҳам чуқур ҳамкорликни ўрнатган. Шундан келиб чиқиб, бугунги кунда ўзаро алоқаларни амалий натижаларга йўналтиришимиз керак. Қўмитамиз тадбиркорлар ўртасида кооперация алоқаларини кенгайтиришга ҳисса қўшишга тайёр" – деди у.

Учрашув якунида ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Гуандун провинцияси Халқ конгресси раҳбари ўринбосари бошчилигида расмийлар ва ишбилармон доиралари вакиллари делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш