Россиянинг Иркутск вилояти компаниялари Ўзбекистон билан 112 миллион долларлик янги лойиҳаларни ишлаб чиқмоқда

Июль 29, 2026. 13:00 • 3 дақ

139
Россиянинг Иркутск вилояти компаниялари Ўзбекистон билан 112 миллион долларлик янги лойиҳаларни ишлаб чиқмоқда

НОВОСИБИРСК, 29 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ва Россиянинг Иркутск вилояти ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Россия томонидан Иркутск вилояти иқтисодий ривожланиш вазирлиги, Шарқий Сибир савдо-саноат палатаси уюшмаси, вилоят Туризм агентлиги раҳбарияти ҳамда етакчи компаниялар вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистондан эса Савдо-саноат палатаси, Туризм қўмитаси, Экспортчилар уюшмаси, Озиқ-овқат саноати уюшмаси ҳамда “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси вакиллари қатнашди.

Онлайн мулоқот давомида экспорт-импорт йўналишидаги истиқболли лойиҳалар ва шериклик алоқалари хусусида фикр-мулоҳазалар алмашилди.

Мамлакатимизнинг Новосибирск шаҳридаги бош консули Аслам Акбаров Иркутск вилояти юртимизнинг муҳим ташқи савдо ҳамкорларидан бири эканини қайд этди. Унинг таъкидлашича, 2025 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 44 фоизга ошиб, 180 миллион долларни ташкил этган. Айни пайтда Ўзбекистон Иркутск вилоятининг экспорт йўналишлари орасида тўртинчи ўринни эгаллаб турибди.

Шарқий Сибир савдо-саноат палатаси уюшмаси директори Владимир Саловаровнинг маълум қилишича, айни пайтда Ўзбекистон билан умумий қиймати 12 миллион долларлик учта инвестициявий келишув амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, Иркутск компаниялари томонидан 2026 йил апрель ойида ўтказилган “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” кўргазмаси доирасида эришилган келишувлар асосида умумий қиймати 112 миллион долларлик яна 11 та лойиҳа ишлаб чиқилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Россия томони қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма корхоналар ташкил этиш, Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари асосида кийим-кечак ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга қизиқиш билдирди. Шу билан бирга, нўхат ва малина маҳсулотларини харид қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Озиқ-овқат саноати уюшмаси Иркутск корхоналарининг буюртмалари асосида резавор мевалар етиштиришни йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди. “ВиД” тикувчилик фабрикаси эса Новосибирск шаҳрида Наманганда ишлаб чиқарилган эркаклар костюмлари каби ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари учун махсус савдо марказини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.

Шунингдек, Термиз шаҳридаги “Айритом” эркин савдо зонасида Иркутск вилояти маҳсулотлари учун шоурум очиш ташаббуси алоҳида қизиқиш уйғотди. Мазкур лойиҳа орқали Афғонистон бозорига чиқиш имкониятларидан фойдаланиш кўзда тутилмоқда.

Музокаралар давомида томонлар туризм операторлари ўртасида B2B форматида учрашувлар ўтказиш ҳамда Ўзбекистон делегациясининг 25–27 август кунлари Иркутск шаҳрида бўлиб ўтадиган VII Байкал халқаро ҳамкорлар форумида иштирокини ташкил этиш бўйича келишувга эришди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш