Logo

Италиянинг Тоскана ҳудуди президентининг Ўзбекистонга ташрифи муҳокама қилинди

Март 17, 2026. 14:59 • 2 дақ

58
Италиянинг Тоскана ҳудуди президентининг Ўзбекистонга ташрифи муҳокама қилинди

ФЛОРЕНЦИЯ, 17 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси Абат Файзуллаев Флоренция шаҳрида Тоскана ҳудуди президенти Эудженио Жани билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот чоғида Эудженио Жани шу йил июль ойида Ўзбекистонга ташриф буюришини таъкидлади. Бўлажак ташриф давомида Тоскана ва Бухоро вилояти ўртасида иқтисодий, инвестициявий, савдо ва маданий соҳаларда ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланиши қайд этилди.

Суҳбат давомида томонлар мазкур ҳужжат ҳудудлараро алоқаларни институционал асосда ривожлантириш, ишбилармонлик ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилишини билдирди.

Италия делегациясининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи доирасида Тоскананинг етакчи компаниялари ҳамда бизнес ҳамжамияти вакиллари ўзбекистонлик ишбилармонлар билан турли учрашувлар ташкил этилиши режалаштирилган.

Делегация таркибига тўқимачилик, чарм саноати, фармацевтика, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, логистика ва сертификатлаш соҳаларида фаолият юритувчи компаниялар вакилларини жалб этиш режалаштирилган. Мазкур ташриф доирасида икки томон ишбилармон доиралари иштирокида бизнес-форум ташкил этилади.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон элчиси Тоскана ҳудудининг саноатчилар ва тадбиркорлар конфедерацияси “Confindustria Toscana” раҳбарияти, “Menarini Group” фармацевтика компанияси ҳамда “Romualdo del Byanko” халқаро маданий ҳамкорлик жамғармаси вакиллари билан ҳам суҳбат ўтказди.

Музокараларда Ўзбекистонга бўлажак ташриф кун тартиби, делегация таркибини шакллантириш, бизнес-форум ўтказиш, Бухоро, Самарқанд ва Флоренция ўртасида маданий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Тоскана ҳудуди Италиянинг иқтисодий ва саноат жиҳатдан етакчи ҳудудларидан бири ҳисобланади. Ушбу ҳудудда саноат, фармацевтика, машинасозлик, озиқ-овқат ишлаб чиқариш, мода, заргарлик ва логистика соҳалари ривожланган.

2025 йил якунларига кўра, ҳудуд иқтисодиёти ҳажми 144 миллиард еврони, аҳоли жон бошига ҳудудий ички маҳсулот эса 39,4 минг еврони ташкил этган. Экспорт ҳажмининг 14 фоизга ўсгани Тоскананинг юқори иқтисодий ва саноат салоҳиятига эга эканини кўрсатади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш