Logo

Малайзия компанияси Ўзбекистонда учувчисиз учадиган аппаратларда инновацион хизматларни йўлга қўйишга қизиқиш билдиряпти

Март 21, 2025. 07:14 • 2 дақ

217
Малайзия компанияси Ўзбекистонда учувчисиз учадиган аппаратларда инновацион хизматларни йўлга қўйишга қизиқиш билдиряпти

КУАЛА-ЛУМПУР, 21 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг "Aerodyne Group" компанияси асосчиси ва бош директори Камарул Муҳамед билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Компания дрон хизматларида инновацион ёндашув ва сунъий интеллект дастурларидан самарали фойдаланилади. Шу боисдан, дунёдаги дронлар бозорини ўрганиш ва таҳлил қилиш маркази томонидан (Drone Industry Insights) 2021-2023 йилларда "Aerodyne" дрон хизматларини тақдим этувчи энг яхши компания сифатида эътироф этилган.

Камарул Муҳамеднинг айтишича, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида учувчисиз қурилмалар хизматларини кўрсатиш учун жуда катта имкониятлар мавжуд.

Малайзия томони дастлабки босқичда қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун учувчисиз аппаратлар хизматини йўлга қўйиш ва кейинчалик Ўзбекистон шароити учун мос бўлган замонавий дронларни ишлаб чиқаришга сармоя киритишга тайёрлигини маълум қилди.

Шунингдек, компания раҳбари маҳаллий ҳамкор билан биргаликда дронларни бошқариш ва уларнинг дастурий таъминоти бўйича малакали мутахассисларни тайёрловчи тренинг марказини ишга туширишга қизиқиш билдирди.

"Aerodyne Group" компаниясига 2014 йилда Камарул Муҳамед томонидан асос солинган. Унинг фаолияти учувчисиз учадиган аппаратлар хизматларини кўрсатиш ва уларнинг айрим турларини ишлаб чиқаришдан иборат.

Ҳозирги кунда компания фаолияти глобал миқёсда кенгайган, жумладан дунёнинг 45 та давлатида дрон хизматларини кўрсатмоқда ҳамда 8 та мамлакатда ўз филиалларини очган. Компания турли мақсадлар учун мўлжалланган 800 дан ортиқ дронлар паркига эгалик қилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш