Logo

Кувайтда Ўзбекистоннинг иқтисодий, сармоявий ва сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимотлар ўтказилди

Март 21, 2024. 13:42 • 2 дақ

130
Кувайтда Ўзбекистоннинг иқтисодий, сармоявий ва сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимотлар ўтказилди

АЛ-КУВАЙТ, 21 март. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси томонидан кувайтлик ишбилармон доира вакиллари учун Ўзбекистоннинг сармоявий, экспорт ва сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимотлар ўтказилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тақдимотлар доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, иқтисодиётни либераллаштириш ва ташқи савдони ривожлантириш, хорижий инвесторлар учун яратилган бизнес имкониятлари ҳақида маълумотлар берилди.

Тадбир иштирокчиларига шу йилнинг 2-3 май кунлари III Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтиши  маълум қилинди.

Кувайтлик ишбилармон доира вакиллари Тошкент халқаро инвестиция форуми кўлами ва географияси йилдан-йилга кенгайиб бораётганини таъкидладилар. Бу, ўз навбатида, ҳар бир форум иштирокчисига ҳамкорлар билан умумий манфаатларни топиш, аниқ сармоявий лойиҳаларни ўрганиш, ўнлаб йўналишлардаги сўнгги тенденцияларни муҳокама қилиш учун қулай имконият яратади.

Уларнинг фикрича, бундай тадбирларнинг мунтазам ўтказилиши халқаро майдонда кучли ўсиш суръатларини кўрсатаётган ва босқичма-босқич Марказий Осиёнинг ҳақиқий сармоявий марказига айланиб бораётган Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий ва сармоявий салоҳиятини намоён этиш учун мустаҳкам замин яратмоқда.

Кувайтлик ишбилармонлар Ўзбекистоннинг ўзига хос таъми ва сифати юқори бўлган мева-сабзавот ва қуритилган меваларни импорт қилишга қизиқиш билдирди. Шунингдек, улар Ўзбекистоннинг чекка туманлари ва қишлоқларида ҳам амалга оширилиши режалаштирилган тиббиёт ва таълим соҳасидаги лойиҳаларда иштирок этишдан манфаатдор эканлигини билдиришди.

Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига оид тақдимотлар ҳам иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш