Ўзбекистон–Покистон савдоси учун янги транзит имкониятлари муҳокама қилинди

Ноябрь 08, 2026. 12:30 • 3 дақ

• 20
Ўзбекистон–Покистон савдоси учун янги транзит имкониятлари муҳокама қилинди

ИСЛОМОБОД, 8 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон Махсус инвестицияларга кўмаклашиш кенгаши (SIFC) бош директори Сажид Амин билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашувда Покистон Ташқи ишлар вазирлиги, SIFCнинг инвестиция ва саноат лойиҳаларига масъул вакиллари ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, транспорт-логистика соҳасидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш ҳамда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Икки мамлакат ўртасидаги анъанавий транспорт йўлагининг ёпилиши натижасида ўзаро савдо ҳажмининг кескин қисқариши ва ушбу муаммони ҳал этиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Покистоннинг Пешовар–Торхам йўналишидан Афғонистон ҳудуди орқали Термиз шаҳригача махсус савдо-транзит коридорини ташкил этиш ва юк ташишни алоҳида назорат механизмлари асосида амалга ошириш ташаббуси илгари сурилди.

Мазкур таклифни амалий жиҳатдан муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Транспорт вазирлиги ҳамда Покистоннинг тегишли идоралари иштирокида онлайн музокаралар ўтказиш таклиф қилинди.

Шунингдек ўқинг

Покистон томони жорий чекловлар хавфсизлик билан боғлиқ вазиятдан келиб чиқаётганини билдириб, Ўзбекистон томонидан илгари сурилган махсус транзит коридорини ташкил этиш таклифини амалий жиҳатдан мақбул ташаббус сифатида баҳолади.

Учрашув давомида Покистоннинг йирик қурилиш компанияларини Янги Тошкент шаҳри лойиҳасига жалб этиш ва шу йил Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган “Янги Ўзбекистон глобал бозорлар чорраҳасида” халқаро бизнес-форумида Покистон ишбилармон доиралари вакилларининг иштирокини таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Покистон томонига Янги Тошкент шаҳри лойиҳасининг инвестициявий имкониятлари, хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар тўғрисида маълумот берилди.

SIFC раҳбарияти мазкур ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, молиявий жиҳатдан салоҳиятли ва ишончли Покистон компанияларини Янги Тошкент лойиҳасига ҳамда халқаро бизнес-форумга жалб этишда амалий ёрдам кўрсатилишини таъкидлади.

Мулоқот давомида Покистонда Ўзбекистон компанияларининг ишлаб чиқариш ва логистика объектларини ташкил этиш, шунингдек, Карачи шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган “FoodAg–2026” халқаро озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги кўргазмасида Ўзбекистон делегациясининг иштирокини таъминлаш бўйича музокаралар ўтказилди.

Икки давлат марказий банклари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда Покистон авиакомпанияларини Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига мунтазам авиақатновларни йўлга қўйишга жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш