Logo

Россиянинг Ленинград вилояти тадбиркорлари Ўзбекистон билан иқтисодий алоқаларни чуқурлаштиришдан манфаатдор

Май 19, 2024. 10:28 • 51 сония

223
Россиянинг Ленинград вилояти тадбиркорлари Ўзбекистон билан иқтисодий алоқаларни чуқурлаштиришдан манфаатдор

САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 19 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон бош консули Абдураҳмон Маҳмудов Ленинград вилояти тадбиркорлари билан учрашди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Суҳбат чоғида икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари, муаммолар ва салоҳиятли бизнес шерикларнинг таклифлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг инвестицион жозибадорлиги ва инвесторлар учун яратилган шарт-шароитларга бағишланган тақдимот ўтказилди. Унда Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг афзаллиги, қулай ҳудудий жойлашув, Марказий Осиё давлатлари бозорларига чиқиш имкониятлари таъкидланди.

Бош консулхона ходимлари, шунингдек, Сурхондарё вилоятида ташкил этилган "Termiz Cargo Center" халқаро логистика терминали ҳақида маълумот беришди.

Муҳокама учун кўтарилган яна бир долзарб масала Тошкент шаҳрида Ленинград маҳсулотларини намойиш этиш ва маҳаллий тадбиркорлардан ҳамкорлар излаш учун кўргазма залини очиш бўлди. Шу муносабат билан Ленинград вилояти саноатни ривожлантириш маркази бош директори Вера Штокайло дипломатлардан Ўзбекистон пойтахтида тегишли бино танлашда ёрдам беришни сўради.

Музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистонга Ленинград вилояти ишбилармонлар миссиясини юбориш масаласини ишлаб чиқиш ва бошқа қатор иқтисодий шериклик масалалари бўйича мулоқотни давом эттириш бўйича келишувларга эришилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш