Logo

Малайзия компаниялари Ўзбекистонда "ҳалол" озиқ-овқат саноатини ривожлантиришга кўмаклашади

Июнь 30, 2025. 10:54 • 2 дақ

92
Малайзия компаниялари Ўзбекистонда "ҳалол" озиқ-овқат саноатини ривожлантиришга кўмаклашади

КУАЛА-ЛУМПУР, 30 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг "CB Synergy" компанияси бош директори Шахзели бин Шахзулкариб ва "Perak Halal Corporation" компанияси бошқарув директори Абдул Азиз Абдул Раҳим билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот давомида Қашқадарё вилоятида "ҳалол" озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Малайзия томони мамлакатимизда "ҳалол" стандартлари асосида гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошириш мақсадида "CB Synergy", "Perak Halal Corporation Sdn Bhd" ва "PK-Agro Industrial Products Sdn Bhd." компаниялари иштирокида консорциум тузиш бўйича келишув ишлаб чиқилаётганини маълум қилди.

"Perak Halal Corporation" компанияси томонидан ташкил этилаётган мазкур қўшма корхона Қашқадарё вилоятида кенг қамровли "ҳалол" саноатини ривожлантириш, махсус тренинглар ташкил этиш орқали соҳада билим ва технологияларни ўргатиш, Ўзбекистонни минтақавий "ҳалол" марказига айлантириш ва унга сармоя киритишга тайёрлигини билдирди.

Абдул Азиз Абдул Раҳим консорциум Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда давлат-хусусий шерикчилик асосида вилоятда "ҳалол" саноатини ривожлантириш ва экотизимини яратиш бўйича келишув имзолашини маълум қилди.

Хориж томони Ўзбекистон ва Малайзия Ҳукуматлари ўртасида "ҳалол" соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми имзоланганига юқори баҳо бериб, Малайзия Ислом тараққиёти департаментининг "Ҳалол" сертификатларини Ўзбекистоннинг ўзида берилишини ташкил этишда ўз ҳиссасини қўшиш ниятини билдирди.

Учрашув якунида Малайзия компаниялари вакилларининг мамлакатимизга миссиясини ташкил этишга келишилди.

"Perak Halal Corporation Sdn. Bhd." компанияси 1999 йил февралда Перак штати ривожланиш корпорацияси томонидан ташкил этилган. Унинг асосий вазифаси "ҳалол" маҳсулотлар ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва тарқатиш билан шуғулланадиган корхоналарни қўллаб-қувватлаш ва ўсишига кўмаклашиш орқали "ҳалол" саноатини ривожлантиришдан иборат.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш