Малайзиянинг йирик порт компанияси билан Ўзбекистонда замонавий логистика марказини барпо этиш бўйича музокара ўтказилди
Август 19, 2024. 07:31 • 2 дақ
• 282
КУАЛА-ЛУМПУР, 19 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг "Wesports Holding Berhad" компанияси директорлар кенгаши раиси ва бош директори Рубен Эмир Гнаналингам билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Учрашув аввалида компаниянинг маркетинг департаменти директори Шашидаран Кришнан "Wesport Holding Berhad" фаолияти тўғрисида тақдимот ўтказди.
Шашидаран Кришнаннинг айтишича, компания денгиз орқали биринчи юкни 1994 йилда қабул қилган бўлса, ҳозирги кунга келиб мамлакатнинг энг йирик денгиз портларидан бирига айланди. Портда юкларни бошқариш жараёнига тўлиқ рақамлаштирилган технологиялар жорий қилинган ва автоматик тарзда бошқариладиган юк машиналаридан фойдаланишга босқичма-босқич ўтилмоқда.
Компания йилига 14 миллионта контейнерни ўтказиш имконияти эга. Кейинги 10 йилда босқичма-босқич қўшимча яна 14 миллионта (жами 28 миллионта) контейнерни ўтказиш қувватига эга янги терминални қуриш ишлари лойиҳалаштирилган.
Учрашув давомида сўнгги йилларда Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилаётганлиги натижасида маҳаллий саноат ва ташқи савдо ҳажми сезиларли даражада ўсишга эришгани таъкидланди.
Шунингдек, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари билан ўзаро савдо ҳажмини ошириш учун катта имконият мавжудлиги ҳамда компаниянинг улкан салоҳиятини инобатга олган ҳолда, Малайзия томонига Ўзбекистон ҳудудларидан бирида замонавий логистика марказини (қуруқликдаги порт) қуриш лойиҳасини ўрганиш таклифи билдирилди.
Ушбу лойиҳа келажакда компанияни Марказий Осиё, шу жумладан Ўзбекистон ва Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ўртасидаги юклар айланмасини бошқаришда муҳим роль ўйнайдиган ташкилотлардан бирига айлантириши мумкинлиги урғуланди.
"Wesports Holding Berhad" компаниясига Малайзиянинг Порт-Кланг шаҳарчасида 1993 йилда тадбиркор Рубен Эмир Гнаналингам томонидан денгиз соҳилининг умуман фойланилмайдиган қисмида асос солинган. У денгиз орқали ташиладиган анъанавий юклар ва контейнерларни тушириш, ортиш ва вақтинча сақлаш, мамлакат бўйлаб етказиб бериш хизматларини кўрсатувчи Малайзиядаги энг йирик портни бошқаради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Польшадаги агентлик Тошкентда ўз ваколатхонасини очмоқчи
Гужранвала шаҳрида Ўзбекистон–Покистон бизнес-форуми бўлиб ўтди