Logo

Малайзия компанияси Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишни режалаштирмоқда

Декабрь 23, 2023. 09:57 • 2 дақ

214
Малайзия компанияси Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишни режалаштирмоқда

КУАЛА-ЛУМПУР, 23 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчихонаси вакиллари Малайзиянинг «Fraser & Neave Holdings BHD – F&N» компаниясининг янги ва халқаро бозорлари бўйича ижрочи директори Лаи Минг Конг билан учрашув ўтказдилар, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мулоқот чоғида Малайзия томонига Ўзбекистонда хорижий инвесторларга яратилган қулай шарт-шароитлар, кафолатлар, имтиёзлар ва преференциялар ҳамда республиканинг иқтисодий ресурс ва инвестициявий салоҳияти бўйича батафсил маълумот берилди.

Лаи Минг Конг компания Жануби-Шарқий Осиёдаги энг йирик озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналаридан бири эканлигини, ҳозирда корхонанинг 13 та филиали Таиланд, Мьянма, Камбоджа, Лаос ва Саудия Арабистонида фаолият юритаётганини маълум қилди. Малайзия томони, шунингдек, «F&N» компаниясининг қуюлтирилган сут маҳсулотлари Ўзбекистонга етказиб берилаётганини ва бу орқали Марказий Осиё бозорига кириш имконияти ошаётганини таъкидлади.

Ушбу омилларни инобатга олган ҳолда хориж томонига мамлакатимизда «F&N» компанияси иштирокида қўшма инвестиция лойиҳасини амалга ошириш таклифи берилди.

Учрашув якунида мамлакатимиздаги салоҳиятли тадбиркорлар билан биргаликда қўшма лойиҳани амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида 2024 йил январь ойида Лаи Минг Конг бошчилигидаги «F&N» компанияси вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш тўғрисида келишиб олинди.

«Fraser & Neave» (F&N) компанияси 1883 йилда Сингапурда ташкил этилган. Компаниянинг асосий ишлаб чиқариш корхоналари Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳри, Ипох, Малакка, Серембан ва Пенанг штатларида жойлашган. Компания озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, 31 турдаги маҳсулот ишлаб чиқаради ва жаҳоннинг 93 та мамлакатига экспорт қилинади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш