Покистон компанияси Янги Тошкент ҳудудида замонавий турар жой мажмуаларини қуришни режалаштирмоқда
Октябрь 28, 2026. 12:30 • 3 дақ
• 16
ИСЛОМОБОД, 28 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг “Izhar Group” компанияси раҳбари Умар Изҳар билан музокара ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот аввалида Ўзбекистонда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, замонавий шаҳарсозлик ташаббуслари ва инфратузилмавий лойиҳалар, хусусан, Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш лойиҳасининг тақдимоти ўтказилди.
Таъкидланганидек, Янги Тошкент шаҳри лойиҳасининг умумий майдони 20 минг гектарни ташкил этади. Лойиҳанинг биринчи босқичида 6 минг гектар ҳудудни ўзлаштириш ҳамда қарийб 50 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Ўз навбатида, “Izhar Group” раҳбари компаниянинг асосий фаолият йўналишлари, девелоперлик соҳасидаги тажрибаси ва халқаро бозорларда амалга ошираётган лойиҳалари ҳақида маълумот берди. Унинг таъкидлашича, компания фаолиятида коттежлар ва виллалардан иборат замонавий турар жой мажмуаларини барпо этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, компаниянинг Туркия ва бошқа мамлакатларда тўплаган тажрибасидан келиб чиқиб, Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш жараёнида ҳамкорликнинг мақбул моделларини қўллаш имкониятлари муҳокама қилинди. Хусусан, инвесторнинг лойиҳанинг дастлабки босқичида ер сотиб олиш учун катта миқдорда маблағ сарфлаш заруратини камайтириш, қурилиш ишларини тезроқ бошлаш ва лойиҳаларни босқичма-босқич амалга оширишга хизмат қиладиган механизмларга эътибор қаратилди.
Умар Изҳарнинг фикрича, бундай ёндашув инвестиция ресурсларидан самарали фойдаланиш, лойиҳаларни амалга ошириш жараёнини жадаллаштириш ва Янги Тошкент ҳудудини ўзлаштириш суръатларини оширишга хизмат қилиши мумкин.
Бундан ташқари, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ қатор амалий масалалар, жумладан, техник ва ҳуқуқий талаблар, молиялаштириш механизмлари, солиққа тортиш, ер участкаларини ажратиш, ипотека ва лизинг имкониятлари ҳамда қурилиш соҳасидаги меъёр ва талаблар юзасидан фикр алмашилди.
Музокаралар якунида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш шартларини батафсил ўрганиш ва муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари вакиллари билан учрашувлар ўтказиш ҳамда “Izhar Group” делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
1959 йилда ташкил этилган “Izhar Group” Покистоннинг кўп тармоқли компаниялар гуруҳларидан бири ҳисобланади. Компания қурилиш, EPC-пудрат, металл конструкциялар ишлаб чиқариш, темир-бетон маҳсулотлари тайёрлаш, муҳандислик тизимлари, турар жой ва саноат объектларини барпо этиш каби йўналишларда фаолият юритади. Гуруҳ шу кунга қадар Покистонда 100 дан ортиқ цемент ва минерал ўғит ишлаб чиқариш заводлари, энергетика объектлари, аэропортлар, тўғонлар, шифохоналар, шунингдек, саноат ва тижорат объектларини қуришда иштирок этган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси