“Cawa Media”: Ўзбекистон — Буюк ипак йўлининг юраги

Октябрь 28, 2026. 12:00 • 2 дақ

• 37
“Cawa Media”: Ўзбекистон — Буюк ипак йўлининг юраги
“Cawa Media”: Ўзбекистон — Буюк ипак йўлининг юраги

СТОКГОЛЬМ, 28 октябрь. /“Дунё” АА/. Швециянинг “Cawa Media” ахборот агентлиги Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган қатор мақолалар эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Жумладан,“Ўзбекистон Resemässan 2026 кўргазмасида” номли мақолада мамлакатимизнинг 16–17 октябрь кунлари “Avicii Arena Annexet” мажмуасида ўтказилган “Resemässan 2026” кўргазмасидаги иштироки ёритилган. Унда Ўзбекистон Буюк ипак йўлининг юраги сифатида таърифланган. Қайд этилишича, мамлакатнинг минтақадаги бошқа барча давлатлар билан чегарадош экани асрлар давомида уни савдо, маданият ва халқаро мулоқот марказига айлантириб келган.

Нашр Самарқанд ва Бухоронинг маҳобатли масжид ҳамда мадрасалари, гавжум бозорлари ва анъанавий ҳунармандчилигига алоҳида эътибор қаратган. Муаллиф мамлакатга бир неча бор ташриф буюрганини таъкидлаб, ўқувчиларга у ерга саёҳат қилишни тавсия этган.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, “Ипак йўлининг ёрқин лаҳзалари” деб номланган навбатдаги мақола Стокгольм шаҳрида Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳамкорлигида ўтказилган қўшма роуд-шоуга бағишланган. Мазкур тадбир Берлин, Мюнхен ва Ҳелсинки шаҳарларини қамраб олган турненинг бир қисми бўлди.

Стокгольмдаги учрашувда туризм соҳаси вакиллари, инфлюенсерлар, гастрономик ресторанлар мутасаддилари ва ОАВ ходимлари жам бўлди.

Ўзбекистон Самарқанд, Бухоро ва Хива каби Буюк ипак йўлининг тарихий шаҳарлари, уларнинг ноёб архитектураси ва асраб-авайланган маданий муҳити кенг таништирилди. Тадбир туризм соҳасида янги алоқалар ва ҳамкорлик имкониятларини очиб бериб, мамлакатимизнинг швециялик сайёҳлар учун жозибали йўналиш эканини яна бир бор намоён этди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш