Logo

Мисрда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг дистрибьюторлик маркази ва савдо уйи очилади

Июнь 03, 2024. 10:27 • 57 сония

369
Мисрда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг дистрибьюторлик маркази ва савдо уйи очилади

ҚОҲИРА, 3 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Савдо саноат палатаси ва Мисрнинг "Ал-Наср экспорт-импорт" компанияси вакиллари ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон элчихонаси маълумотига кўра, учрашув чоғида Мисрда ўзбек компаниялари маҳсулотларининг дистрибьюторлик маркази ва савдо уйини очиш бўйича битимни имзоланди.

Ушбу битим Ўзбекистон Савдо саноат палатаси ва Мисрнинг "Ал-Наср экспорт-импорт" компанияси раҳбарлари томонидан имзоланди.

Келишув Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларини янада мустаҳкамлаш ҳамда ишбилармонлар ҳамкорлигини кенгайтиришга хизмат қилади.

Шунингдек, мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Миср ўртасида ўзбек товарлари учун бир ёки бир нечта савдо уйларини очиш, Мисрда ҳар икки томон учун мақбул бўлган шартларда дистрибьюторлик маркази ва ишлаб чиқариш кооперациясини ташкил этиш орқали ўзаро савдони ривожлантириш бўйича келишиб олинди.

Бундан ташқари, томонлар ўртасида мазкур келишувни фаол илгари суриш бўйича ишчи гуруҳ тузилди.

Қайд этиш жоизки, ушбу савдо ва дистрибьюторлик марказлари орқали Европа, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларига мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни экспорт қилиш режалаштирилмоқда.

Онлайн музокаралар якунида, Ўзбекистон Савдо саноат палатаси делегациясининг Мисрга ташриф буюришини ташкил этиш ва Порт Саид эркин иқтисодий зонасида мамлакатимиз компаниялари учун алоҳида ҳудуд ажратиш бўйича аҳдлашиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш