Logo

Ўзбекистон ҳудудлари ва Покистоннинг Хайбер-Пахтунхва провинцияси ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда

Июнь 01, 2025. 12:29 • 55 сония

84
Ўзбекистон ҳудудлари ва Покистоннинг Хайбер-Пахтунхва провинцияси ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда

ИСЛОМОБОД, 1 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг Хайбер-Пахтунхва провинцияси губернатори Файсал Карим Кунди билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, иқтисодиёт, инвестиция, транспорт, таълим, маданият ва туризм каби соҳаларгa алоҳида эътибор қаратилди.

Ўз навбатида, губернатор Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилаётган минтақавий боғлиқлик ташаббусини қўллаб-қувватлашини айтиб, Покистон ҳукумати Ўзбекистон билан барча йўналишларда икки томонлама муносабатларни жадаллаштиришга устувор аҳамият қаратаётганини қайд этди.

Учрашувда шунингдек, Трансафғон темир йўл лойиҳасига ҳам тўхталиб ўтилди. Покистонлик мулозим мазкур лойиҳа Хайбер-Пахтунхва, хусусан, Харлачи орқали ўтиши бутун провинция учун стратегик аҳамият касб этишини таъкидлади.

Бундан ташқари, суҳбат чоғида 2022 йилда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва Хайбер-Пахтунхва провинцияси ҳукуматлари ўртасида имзоланган Ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми доирасида, амалий тадбирларни фаоллаштириш юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Мулоқот якунида Термиз ва Пешовар шаҳарлари ўртасида биродарлашган шаҳарлар мақомини ўрнатиш бўйича ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда жорий йилнинг август ойида губернатор бошчилигидаги Хайбер-Пахтунхва ишбилармонлар делегациясининг Ўзбекистонга ишчи сафарини ташкил этиш хусусида келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш