Logo

Россиянинг Олтой ўлкаси Ўзбекистон билан ҳамкорликдан манфаатдор

Февраль 01, 2025. 12:59 • 2 дақ

113
Россиянинг Олтой ўлкаси Ўзбекистон билан ҳамкорликдан манфаатдор

БАРНАУЛ, 1 февраля. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги бош консули Аслам Акбаров 29-30 январь кунлари ишчи сафари билан Россиянинг Олтой ўлкасида бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф давомида Олтой ўлкаси ҳукумати раиси ўринбосари – ўлка губернатори ва ҳукумати администрацияси раҳбари Виталий Снесарm билан музокаралар бўлиб ўтказилди.


Учрашувда, шунингдек, маданият вазир Елена Безрукова ва Россия ТИВнинг Барнаулдаги ваколатхонаси раҳбарияти иштирок этди.


Россия томони Ўзбекистон бугунги кунда Олтой ўлкасининг энг муҳим савдо шериклари бўлган давлатлар орасида биринчи ўринда туришини билдирди. Ҳозирги кунда ўлканинг қатор етакчи корхоналари Ўзбекистондан пахта, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, кимёвий толаларни харид қилмоқда. Бундан ташқари, ўлка Сибир федерал округида мамлакатимиздан мева ва сабзавотлар сотиб олиш бўйича етакчилар қаторига туради.


Олтойнинг етакчи қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари билан қўшма корхоналар, жумладан, тайёр қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш кластерларини ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.


Шу муносабат билан Россия томони тегишли ишбилармонлик миссияларининг, хусусан, Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятидан Олтой ўлкасига ва Олтой ишбилармон доиралари вакилларининг Сирдарёга ўзаро сафарларини уюштириш амалиётини давом эттириш муҳимлигини таъкидлади. Ўзбекистон ва Олтой ўлкасининг чорвачилик соҳасидаги салоҳиятидан келиб чиқиб, Россия вакиллари бу масалани ўзбекистонлик ҳамкасблари билан батафсилроқ муҳокама қилиш истагини билдирди.


Томонлар Олтой ўлкасидаги турли саноат ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида ҳамюртларимиз бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратдилар.


Россия томони Олтой ўлкасининг меҳнат миграцияси соҳасидаги тегишли тузилмалари ва Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ўртасида видеоконференция шаклида музокаралар ўтказишга тайёрлигини маълум қилди.


Ўлка мутасаддиларининг айтишича, ҳозирги кунда Барнаул шаҳрининг йирик бозорларида, шунингдек, қурилиш соҳасида кўплаб юртдошларимиз фаолият юритмоқда.


Маданият вазири Елена Безрукова маданий-гуманитар соҳадаги ўзаро ҳамкорлик муҳимлигига, хусусан, Ўзбекистон ва ўлкадаги ижодий жамоаларининг турли тадбирларда иштирок этиши масаласига алоҳида эътибор қаратди. Олтой ўлкасининг "Огоньки" рус рақс ансамбли билан Хоразмнинг "Лазги" ашула ва рақс ансамбли ўртасидаги яқин ижодий алоқалар алоҳида қайд этилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш