Logo

Тошкентда Ўзбекистон–БАА бизнес-форуми бўлиб ўтди

Октябрь 15, 2024. 18:32 • 2 дақ

122
Тошкентда Ўзбекистон–БАА бизнес-форуми бўлиб ўтди

АБУ-ДАБИ, 15 октябрь. /"Дунё" АА/. Бирлашган Араб Амирликлари ишбилармон доиралар вакилларидан иборат делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида 14-15 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон–БАА бизнес-форуми бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, мамлакатимизнинг БААдаги элчихонаси  томонидан Абу-Даби Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилди.


Унда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Дилшод Расулов, Абу-Даби Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Али бин Ҳармал Ол Зоҳирий, БАА Савдо-саноат палаталари Федерациялари бош котиби Ҳумаид Бен Салем, тегишли вазирлик ва идоралар, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари, шунингдек, икки юзга яқин ишбилармон доиралари вакиллари қатнашди.


Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги инвестициявий, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг ҳал қилувчи омили сифатида ҳар икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари тадбирнинг асосий мавзуси бўлди.


Форум дастури доирасида инвестицияларни жалб қилишнинг энг истиқболли йўналишлари ҳамда устувор тармоқларда Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти ва тайёр лойиҳа таклифлари тўғрисида тақдимотлар ўтказилди. Шунингдек, саноат, инновация, таълим, туризм, транспорт-логистика, тўқимачилик, қурилиш ҳамда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳаларидаги истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.


Бундан ташқари, Бирлашган Араб Амирликлари бизнес доиралари вакиллари ҳамда маҳаллий ишбилармонлар ўртасида В2В форматидаги музокаралар уюштирилди.


Учрашувлар доирасида устувор тармоқларда давлат-хусусий шерикчилик асосида умумий қиймати 30 миллиард доллардан ортиқ бўлган 63 та лойиҳа ва хусусийлаштиришга таклиф этилган 21 та объект тақдимоти ташкил этилди.


БАА делегацияси сафар давомида мамлакатимизнинг тегишли вазирлик ва идораларида учрашувлар ўтказди, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги эркин иқтисодий саноат зоналари, ишлаб чиқариш объектлари ҳамда Бўстонлиқ туманидаги туризм масканларида бўлди.


БАА компаниялари раҳбарлари ўзбек томони билан ҳамкорлик қилишга катта қизиқиш билдиришди ва Ўзбекистон бозорига кириш бўйича ўз ёндашувлари ҳамда режалари билан ўртоқлашди. Саноат зоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг БААга импортини ташкил этиш, муайян йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда биргаликда иш олиб бориш юзасидан аниқ таклиф ва йўналишлар келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш