Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорлари ўнталигида Хитой ва Россия етакчи
Ноябрь 19, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 36
ТОШКЕНТ, 19 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,9 миллиард долларга ёки 6,3 фоизга кўпайиб, 65,4 миллиард АҚШ долларини ташкил этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон Миллий статистика қўмитасининг маълум қилишича, Хитой мамлакатимизнинг энг йирик савдо ҳамкори бўлиб қолмоқда. Ташқи савдо айланмасининг 15,2 миллиард доллари ушбу давлат ҳиссасига тўғри келди. Иккинчи ўринни 10,5 миллиард долларлик кўрсаткич билан Россия эгаллади.
Кучли ўнталикдан Қозоғистон (4,3 миллиард доллар), Туркия (2,2 миллиард), Афғонистон (1,6 миллиард), Корея Республикаси ва БАА (1,4 миллиарддан), Франция ва Хитойнинг Гонконг махсус маъмурий ҳудуди (1,3 миллиарддан), шунингдек, Қирғизистон (1,1 миллиард доллар) жой олди.
Жами ҳисобда ушбу ўнта давлат улушига Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг 61,5 фоизи тўғри келди. Умуман олганда, Ўзбекистон дунёнинг 200 дан ортиқ мамлакати билан савдо алоқаларини амалга оширди.
Энг йирик савдо ҳамкорлари географияси Ўзбекистоннинг кенг қамровли ташқи иқтисодий алоқаларидан далолат беради. Етакчи ҳамкорлар – Хитой ва Россия билан бир қаторда, савдо айланмасида Марказий Осиё давлатлари, Осиёнинг бошқа мамлакатлари ҳамда Европа йўналишлари ҳам салмоқли ўрин эгаллайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси