Ўзбекистон ва Ҳиндистон туристик ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Декабрь 03, 2025. 19:16 • 3 дақ
• 123
ГОА, 3 декабрь. / “Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Деҳлидаги элчиси Сардор Рустамбоев Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида меҳмондўстлик соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар доирасида Гоа штати туризм вазири Роҳан Кҳаунте билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Томонлар турли йўналишлардаги, жумладан, сайёҳлик соҳасидаги ўзаро муносабатларнинг жорий ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиб, туризм тармоғига алоҳида эътибор қаратди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳамкорлик ришталари изчил ривожланишни намойиш этмоқда. Туризм ўзаро алоқаларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бирига айланган.
Ҳиндистонлик саёҳатчиларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши сезиларли даражада ошаётгани қайд этилди. Хусусан, 2023 йилда мамлакатимизга 50 мингга яқин ҳинд фуқароси саёҳат қилган бўлса, 2024 йилда мазкур рақам 80 мингдан ошди. Жорий йил якунига кўра эса ҳиндистонлик туристлар сони 100 минг нафарга етиши кутилмоқда.
Жадал ошиб бораётган ушбу талабни таъминлаш учун авиапарвозлар сони ва географияси сезиларли даражада кенгайтирилмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизнинг “Uzbekistan Airways” ва “Centrum Air” авиакомпаниялари, шунингдек, Ҳиндистоннинг “IndiGo” етакчи авиаташувчиси томонидан ҳафтасига 20 га яқин ўзаро рейслар амалга оширилмоқда. Улар Тошкент, Деҳли, Мумбай ва Гоа шаҳарларини боғлаб турибди. Яқин келажакда Деҳли ва Наманган шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатнов очилиши режалаштирилган, бу саёҳатчилар учун транспорт логистикасини янада осонлаштиради.
Роҳан Кҳаунте Гоа штати Ўзбекистон ҳудудлари билан туризм соҳасида ҳамкорлик қилиш учун катта истиқболларни кўраётганини таъкидлади.
Вазир ўтган йили бўлиб ўтган Тошкент халқаро туристик ярмаркасида (ТХТЯ-2024) самарали иштирок этгани, унинг якунлари бўйича амалий келишувларга эришилганини алоҳида қайд этди. Ушбу келишувлар бугунги кунда ҳаётга фаол тарзда тадбиқ этилаётгани маълум қилинди.
Роҳан Кхаунте шунингдек, Гоанинг етакчи туристик компаниялари делегацияси ТХТЯ-2025да ҳам муваффақиятли иштирок этганини, бу эса штатнинг ўзаро манфаатли алоқаларни чуқурлаштириш истиқболига ишонч билан қараётганини ифода этишини таъкидлади.
Томонлар қатор муҳим йўналишларда қўшма саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга келишиб олди.
Ҳиндистонлик сайёҳларга Гоа пляжларидаги дам олишни Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига сафар қилиш билан уйғунлаштириш имконини берувчи қўшма туристик маршрутларни ишлаб чиқиш, туроператорлар, журналистлар ва блогерлар учун ўзаро танишув турларини ташкил этиш, туристик объектларни бошқариш ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги илғор тажриба билан алмашиш шулар жумласидандир.
Соҳа учун биргаликда мутахассислар тайёрлаш, тарих, гастрономия ва миллий анъаналари билан қизиқувчи сайёҳларни жалб қилиш учун ўзбек ва ҳинд халқларининг бой маданий меросини кенг тарғиб қилиш, икки мамлакат корпоратив мижозларини Ўзбекистон ва Гоада учрашувлар, конференциялар, кўргазмалар ва бошқа тадбирларни ўтказишга жалб қилиш масалалари ҳам диққат марказида турди.
Учрашувда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мустаҳкам салоҳият мавжудлиги таъкидланди. Томонлар биргаликдаги саъй-ҳаракатлар Ўзбекистон ва Ҳиндистон, хусусан Гоа штати ўртасидаги туристик алмашинувни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Сирдарё ва Хитойнинг Гуандун провинциаси ўртасида иқтисодий ҳамкорлик ривожлантирилади
Белградда Ўзбекистон–Сербия Ишбилармонлар кенгашини тузиш масаласи муҳокама қилинди
Берлинда Ўзбекистоннинг минерал-хомашё салоҳияти тақдим этилди
Польша билан қишлоқ хўжалиги соҳасида қатор келишувларга эришилди