Ҳиндистоннинг Ғарбий Бенгалия штатида Ўзбекистон ҳудудлари билан янги ҳамкорлик лойиҳалари муҳокама қилинди
Декабрь 10, 2024. 09:37 • 2 дақ
• 189
КОЛКАТА, 10 декабрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Ғарбий Бенгалия штати маъмурий маркази Колката шаҳрида қатор учрашув ва музокаралар ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мазкур тадбирлар доирасида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, туризм, таълим, соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва бошқа йўналишлардаги ҳамкорлик алоқаларини янада фаоллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.
"Juneja Group" гуруҳи раиси ва "CLC Tanners Association" чарм саноати уюшмаси президенти Рамеш Жунежа билан тери тайёрлаш, хом-ашёни чуқур қайта ишлаш, чарм-пойабзал, атторлик ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш чора-тадбирлари ўрганилди.
Рамеш Жунежа Ўзбекистонда ушбу соҳада халқаро ҳамкорлик учун яратилган қулай шароитларни юқори баҳолаб, мамлакатимиз билан шериклик ўрнатишдан манфаатдорлик билдирди. Компания делегациясининг Ўзбекистонга амалий ташрифини ташкил қилиш бўйича келишиб олинди.
"East India Pharmaceutical Works Ltd." компанияси бошқарувчи директори Дебарши Дуттагупта билан учрашув чоғида мамлакатимизда фармацевтика соҳасини янада ривожлантириш бўйича эришилаётган натижалар, дори-дармон тайёрлашга ихтисослашган эркин иқтисодий зоналар, хусусан, "Tashkent Pharma Park" кластери фаолияти ҳақида маълумот тақдим этилди.
Дебарша Дуттагупта Ўзбекистонда сўнгги йилларда хорижий инвесторларга тақдим этилаётган жозибадор имкониятлардан келиб чиқиб, биргаликда ҳаётга тадбиқ этиш учун амалий таклифларни илгари сурди.
Элчихона вакиллари, шунингдек, "PC Chandra Jewellers" компанияси билан заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш, "Oodlabar Co. Ltd" компанияси билан чой қадоқлашни йўлга қўйиш, "KIC Group" компанияси билан қурилиш ва тиббиёт соҳасида ҳамкорлик қилиш, "Techno India University" университети билан таълим соҳасида қўшма дастурларни амалга ошириш, "ITC Royal Bengal" меҳмонхонаси билан туризм ва меҳмондўстлик соҳасида шериклик қилиш бўйича амалий лойиҳаларни ўрганиб чиқдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Польшадаги агентлик Тошкентда ўз ваколатхонасини очмоқчи
Гужранвала шаҳрида Ўзбекистон–Покистон бизнес-форуми бўлиб ўтди