Карачи шаҳрида Ўзбекистон-Покистон бизнес форуми бўлиб ўтди

Сентябрь 06, 2026. 10:30 • 2 дақ

109
Карачи шаҳрида Ўзбекистон-Покистон бизнес форуми бўлиб ўтди

КАРАЧИ, 6 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонаси ташаббуси билан Карачи шаҳрида Ўзбекистон-Покистон бизнес форуми ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Унда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилаётган бизнес вакиллари, ҳамда фармацевтика, тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида фаолият юритувчи компаниялар раҳбари ва бошқалар иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев кириш нутқи билан очиб берди. Элчи ўз маърузасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш чоралари, хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар, шунингдек, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари тўғрисида тўхталди.

Икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни анъанавий савдо алоқалари билан чеклаб қолмасдан, қўшма ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, технологик ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда учинчи давлатлар бозорларига биргаликда экспортни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.

Форумнинг иккинчи қисмида Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти ва хорижий инвесторлар учун мавжуд имкониятларга бағишланган тақдимот ўтказилди.

Шунингдек ўқинг

Тақдимотда мамлакатимиздаги эркин иқтисодий ва саноат зоналари, инвесторларга берилаётган солиқ ва божхона имтиёзлари, ер майдонларини ажратиш механизмлари, хомашё базаси, малакали меҳнат ресурслари ҳамда Марказий Осиё ва МДҲ бозорларига чиқиш имкониятлари ҳақида тўхталиб ўтилди.

Фармацевтика соҳасида дори воситалари, тиббий буюмларни ҳамда тўқимачилик йўналишида ип-калава, мато ва тайёр кийим-кечак маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалигида эса маҳсулотларни етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлашга қаратилган қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун имтиёзларга эътибор қаратилди.

Иштирокчилар Ўзбекистонда хорижий компанияларни рўйхатдан ўтказиш тартиби, ишлаб чиқариш учун ер майдонларини ажратиш, зарур рухсатномаларни олиш, олинган фойдани хорижга эркин ўтказиш, банк ҳисоб-китобларини амалга ошириш ҳамда транспорт-логистика масалалари бўйича саволларига дипломатлардан батафсил жавоб олдилар.

Покистон компаниялари Ўзбекистоннинг сармоя муҳити ва минтақавий бозорларга чиқиш салоҳиятини юқори баҳолаб, аниқ лойиҳа таклифларини ўрганиш, маҳаллий ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш истагини билдирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш