Ольга Чемоданова: Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йили – бу мамлакатнинг шаклланишдан то ишончли модернизация сари йўлни босиб ўтган бутун бир давридир

Сентябрь 06, 2026. 11:04 • 3 дақ

83
Ольга Чемоданова: Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йили – бу мамлакатнинг шаклланишдан то ишончли модернизация сари йўлни босиб ўтган бутун бир давридир

МИНСК, 6 сентябрь. /“Дунё” АА/. Беларуснинг “Белая Русь” партияси Олий сиёсий кенгаши раиси Ольга Чемоданова Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан “Дунё” АА орқали Ўзбекистон халқига самимий табрик ва эзгу тилакларини йўллади:

– Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йили – мамлакат шаклланишдан то ишончли модернизация сари йўлни босиб ўтган бутун бир даврдир. Бугунги кунда Ўзбекистон миллий манфаатларга таянадиган, маданий ўзлигини сақлайдиган ва ислоҳотларни изчил амалга оширадиган ўзининг тараққиёт моделига эга.

Сўнгги йилларда ўзгаришлар жадал суръатларда кечмоқда. Иқтисодиёт 7,5 фоизга ўсмоқдаки, бу ўртача жаҳон кўрсаткичларидан юқоридир ва ушбу ҳолат бевосита аҳоли турмуш сифатининг яхшиланиши билан боғлиқ. Тараққиётнинг асосий манбаи – ёш авлод, шу боис ёшларнинг таълим олиши ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришига стратегик аҳамият қаратилмоқда.

Беларусь ва Ўзбекистон нафақат умумий ўтмишга, балки келажакка нисбатан ҳам умумий қарашга эга. Партиялараро мулоқотнинг чуқурлашуви бунга хизмат қилмоқда. 29 май куни Брестда “Белая Русь” партияси ва Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ўртасида Ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумнинг имзоланиши бу борадаги дастлабки қадам бўлди.

Ҳужжат мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказиш, партиявий қурилишда тажриба алмашиш, амалий ҳамкорлик, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда савдо ва агротехнологиялар соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун замин яратди.

Гуманитар йўналишлар ҳам фаол ривожланмоқда. Май ойида “Белая Русь” делегацияси Бухорода бўлиб ўтган II Осиё аёллари форумида иштирок этди ва унда аёллар етакчилигини ривожлантириш бўйича янги ташаббуслар келишиб олинди. Сентябрь ойидан “Модуль” ёшлар лойиҳаси кенгайтирилди ва биз унда ўзбек ёшлари иштирок этишини кутиб қоламиз. Бу нафақат партиялар, балки халқларимиз ўртасидаги алоқаларни ҳам мустаҳкамлаш имконини беради.

Олий даражадаги муносабатлар ҳам янги босқичга кўтарилмоқда. Президентлар Александр Лукашенко ва Шавкат Мирзиёевнинг ташрифлари иқтисодиётдан тортиб маданиятгача бўлган ҳамкорликка янги суръат бағишламоқда. Ўзаро савдо айланмаси ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек ўқинг

Эслатиб ўтаман, 10 йил аввал бу кўрсаткич тахминан 187 миллион доллар бўлган. Ўсиш беш баробардан зиёдни ташкил этди. Ва бу энди шунчаки савдо эмас, балки ишлаб чиқариш кооперацияси ва қўшма лойиҳалар, жумладан, Витебск вилояти қишлоқ хўжалигида ўзбекистонлик мутахассислар иштирокидаги лойиҳалардир.

Глобал беқарорлик шароитида қўшниларнинг ўзаро келиша олиши барқарорликнинг асосий омилларидан бирига айланмоқда. Марказий Осиё учун бу ҳаётий муҳим аҳамият касб этади. Сув, энергетика, транспорт, экология – буларнинг барчаси биргаликдаги ечимларни тақозо этади.

Биз, беларусларга Ўзбекистоннинг тинчликпарварлик ёндашувлари яқиндир. Биз унинг дипломатик амалиётини қизиқиш билан ўрганмоқдамиз.

Бугун Ўзбекистон ўзлиги ва анъаналарини асраган ҳолда келажакка ишонч билан боқаётган мамлакатдир.

Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқини чин қалбимдан табриклайман, тинчлик, фаровонлик ва янги зафарлар тилайман.

Мустақилликнинг ҳар бир янги йили мамлакатга барқарорлик, равнақ ва янги ютуқлар олиб келсин!

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш