Ҳиндистоннинг Савдо ва саноат вазирлигида "Янги Тошкент" лойиҳаси ва очилаётган инвестиция имкониятлари тақдимоти ўтказилди
Ноябрь 20, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 101
ДЕҲЛИ, 20 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси томонидан “Янги Тошкент” шаҳрини барпо этиш лойиҳаси ва ундаги инвестициявий имкониятларга бағишланган тақдимот тадбири ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ҳиндистон Савдо ва саноат вазирлигида бўлиб ўтган мазкур тадбирда Ўзбекистон томонидан элчи Сардор Рустамбоев, элчихона дипломатлари ҳамда онлайн шаклда “Янги Тошкент” шаҳрини барпо этиш дирекцияси вакиллари иштирок этди.
Ҳиндистон томонидан Савдо ва саноат вазирлиги раҳбарияти, мамлакатнинг қурилиш, инфратузилма, муҳандислик ва девелопмент соҳаларида фаолият юритувчи 50 дан ортиқ компания ва ташкилотлар вакиллари офлайн ва онлайн шаклда қатнашди.
Учрашувда Ҳиндистоннинг йирик қурилиш ва инфратузилма компаниялари – “Larsen & Toubro Limited”, “Kalpataru Projects International Limited”, “Oriental Structural Engineers Pvt. Ltd.”, “Vishvaraj Environment Pvt. Ltd.”, “Teknow Overseas Pvt. Ltd.”, “Mohan Mutha Exports Private Limited” ҳамда Ҳиндистон кўчмас мулк девелоперлари ассоциациялари конфедерацияси (CREDAI) раҳбарияти иштирок этди.
Тадбир давомида Ўзбекистон вакиллари “Янги Тошкент” шаҳрини барпо этиш лойиҳасининг умумий концепцияси, шаҳарсозлик режалари, замонавий инфратузилмани ривожлантириш истиқболлари ва хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятлар юзасидан тақдимот намойиш этди.
Хусусан, янги шаҳарни 20 минг гектар майдонда барпо этиш, замонавий турар жой мажмуалари, тижорат объектлари, ижтимоий инфратузилма, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва бошқа йирик қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш режалари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.
Тақдимот давомида Ҳиндистон компаниялари вакиллари томонидан лойиҳада иштирок этиш истаги, инвестиция киритиш шартлари, ер участкаларини ажратиш тартиби, қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш механизмлари ва хорижий инвесторлар учун назарда тутилган шароитлар юзасидан билдирилган саволларга батафсил тушунтиришлар берилди.
Мазкур тадбир Ҳиндистоннинг йирик қурилиш, девелопмент ва инфратузилма компанияларини “Янги Тошкент” лойиҳаси билан бевосита таништириш, улар билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш ҳамда истиқболли инвестициявий ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилиш учун муҳим аҳамият касб этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси