Logo

Шанхайда Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳиятига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди

Декабрь 22, 2024. 07:40 • 2 дақ

194
Шанхайда Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳиятига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди

ШАНХАЙ, 22 декабрь. /"Дунё" АА/. Жорий йил 19 декабрь куни Хитойнинг Шанхай шаҳрида турли соҳаларда фаолият юритаётган 70 дан ортиқ компания вакиллари учун "Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги" мавзусида тақдимот ўтказилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир давомида Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг ривожланиши икки мамлакат учун катта имкониятлар очаётгани қайд этилди. Шунингдек, инфратузилма, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва юқори технологиялар каби соҳалардаги ҳамкорлик мамлакатларимиз иқтисодий ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатгани таъкидланди.

Мулоқот чоғида иштирокчиларга сўнгги йилларда юртимизда амалга ошириб келинаётган ислоҳотлар, Ўзбекистон ҳудудлари билан иқтисодий ва савдо алоқаларини ривожлантириш ва ҳудуднинг даражасидан келиб чиққан ҳолда инвесторларга солиқ ва коммунал хизматларда тақдим этиладиган имтиёзлар бўйича маълумот берилди.

Маҳсулот экспортида давлат томонидан қисман қопланадиган йўл харажатлари, Европа мамлакатларига маҳсулотларни тўловсиз экспорт ҳуқуқини берадиган "GSP+" тизими ва бошқа бир қатор яратилган имкониятлар тадбир иштирокчиларида жуда катта қизиқиш уйғотди.

Шунингдек, икки давлат фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим тўғрисидаги битим имзолангани, Тошкент-Ханчжоу ва бошқа йўналишлар бўйича тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилгани ҳамда Ўзбекистонга ташриф буюрувчи сайёҳлар сони йилдан-йилга ортиб бораётгани таъкидланди.

Суҳбат давомида куннинг энг долзарб мавзуларидан бири - меҳнат миграцияси масаласи муҳокама қилинди. Ҳукуматнинг бу борадаги сиёсати, миграция бозорини диверсификация қилиш, Ўзбекистонда меҳнат муҳожирлари сонининг кўпайиши, уларни касб-ҳунарга ўқитиш марказларини ташкил этиш ва бу соҳада яратилган шарт-шароитлар алоҳида эътироф этилди.

Учрашув якунида "Глобал альянснинг барқарор ривожланиш" жамғармаси раиси Чжан Чихуа билан йил якунига қадар Хитойнинг йирик компаниялари таркибида Ўзбекистонга бизнес миссиясини ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш