Logo

Малайзиянинг озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи етакчи компанияси Ўзбекистонда инвестициявий лойиҳани амалга оширишга қизиқиш билдирмоқда

Январ 08, 2024. 08:54 • 2 дақ

259
Малайзиянинг озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи етакчи компанияси Ўзбекистонда инвестициявий лойиҳани амалга оширишга қизиқиш билдирмоқда

КУАЛА-ЛУМПУР, 6 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг «Fraser & Neave Holdings BHD – F&N» компаниясининг янги ва халқаро бозорларни ривожлантириш бўйича директори Патрик Хенг билан учрашув ўтказдилар, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Музокаралар чоғида мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш, миллий ўзбек маҳсулотларини ишлаб чиқарилишини диверсификация қилиш, шунингдек, икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.


Мулоқот давомида Малайзия томонига 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар, замонавий иқтисодиёт драйвери бўлган хусусий бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятлар ва уларнинг ҳуқуқий асослари тўғрисида батафсил маълумот берилди.


Ўз навбатида, Малайзия томони корхона фаолияти ҳақида тақдимот ўтказиб, компания Жанубий-Шарқий Осиёдаги энг йирик озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларидан бири эканлигини, ҳозир кунда корхонанинг 13 та филиали Таиланд, Мьянма, Камбоджа, Лаос ва Саудия Арабистонида фаолият юритаётганини маълум қилди.


Патрик Хенг компания фаолиятини кенгайтириш ва халқаро бозорларга кириб боришда Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистоннинг ўрни муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлади.


Малайзия томонига мамлакатимиздаги мавжуд хом ашё базаси, ҳудудларнинг ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда «F&N» компанияси иштирокида қўшма инвестиция лойиҳасини амалга ошириш таклифи билдирилди.


Учрашув якуни бўйича юртимизда хорижий компаниялар учун яратилган имкониятлар билан танишиш ва салоҳиятли тадбиркорлар билан биргаликда қўшма лойиҳани амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида 2024 йил январь ойида «F&N» компанияси вакилларининг Ўзбекистонга ишчи сафарини ташкил этиш тўғрисида келишиб олинди.


Музокаралардан сўнг ўзбек дипломатлари компания фаолияти ва маҳсулот ишлаб чиқариш жараёни билан бевосита танишдилар.


«Fraser & Neave (F&N)» компанияси 1883 йилда Сингапурда ташкил этилган. Компаниянинг асосий ишлаб чиқариш корхоналари Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳри, Ипох, Малакка, Серембан ва Пенанг штатларида жойлашган. Корхона озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Бугунги кунда компания томонидан 31 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда ва жаҳоннинг 93 та мамлакатларига экспорт қилиняпти.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш