Покистоннинг етакчи тўқимачилик корхонаси Ўзбекистонда қўшма лойиҳани амалга оширади
Февраль 02, 2025. 00:55 • 2 дақ
• 198
КАРАЧИ, 2 февраль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон делегацияси Покистоннинг Карачи шаҳрига ташрифи давомида "Union Fabrics" тўқимачилик компанияси фаолияти билан танишди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Корхонанинг мато ишлаб чиқариш, унга бўёқ бериш, гул тушириш ва савдога юбориш билан боғлиқ ишлаб чиқариш жараёнлари жойида ўрганилди.
Шундан сўнг, мамлакатимиз делегация иштирокида Ўзбекистонда "Home Textile" (уй текстили) ва бошқа турдаги тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик ўрнатиш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари бўйича музокаралар ўтказилди.
Ўзбекистон томони мазкур лойиҳани амалга ошириш учун барча шароитларни, жумладан, бинолар билан таъминлаш ва солиқ имтиёзларини ажратишга тайёр эканлигини билдирди. Компания раҳбари Шоайб Далал, ўз навбатида, уй текстили маҳсулотларини Ўзбекистонда ишлаб чиқаришга мўлжалланган, 50 та саноат тикув машиналари ўрнатилган корхона ташкил этиш бўйича лойиҳани техник жиҳатдан ўрганиб, тез фурсатларда тегишли маълумотларни тақдим қилиши айтди.
Томонлар 11-13 февраль кунлари Лаҳор шаҳрида ўтказиладиган "Made in Uzbekistan" саноат кўргазмаси ҳамда февраль ойида юртимизда ўтказилиши режалаштирилган бизнес-форум доирасида музокараларни давом эттиришга ва техник жиҳатларни кўриб чиқиб, якуний қарор қабул қилишга келишиб олди.
Учрашув давомида тайёр маҳсулотларни етказиб бериш ва транспорт-логистика соҳаларида ҳамкорлик қилиш, мавжуд маҳсулотларни сотиш, хом ашё таъминоти масалалари бўйича томонларнинг таклифлари кўриб чиқилди.
Томонлар, шунингдек, тўқимачилик маҳсулотларининг турларини кўпайтириш орқали икки томонлама савдо ҳажмини ошириш ва янги товарлар ҳисобига экспорт-импорт муносабатларини жадаллаштириш борасида аниқ келишувга эришди.
Учрашувда тўқимачилик соҳасида ҳамкорлик қилиш мумкин бўлган турдош соҳалар, жумладан, малака ошириш, мутахассислар учун алмашув дастурларини ташкил этиш, учинчи давлатлар бозорларини биргаликда ўзлаштириш соҳаларида томонларни қизиқтирган масалалар ҳақида ҳам фикр алмашилди.
Музокаралар якунида "Union Fabrics" иштирокида Ўзбекистонда уй текстили йўналишида қўшма лойиҳани амалга оширишга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Польшадаги агентлик Тошкентда ўз ваколатхонасини очмоқчи
Гужранвала шаҳрида Ўзбекистон–Покистон бизнес-форуми бўлиб ўтди