Ўзбекистон тадбиркорлари Данияда ўтказилган халқаро қишлоқ хўжалиги кўргазмасида иштирок этди
Ноябрь 28, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 25ХЕРНИНГ, 28 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон тадбиркорлари Даниянинг Хернинг шаҳрида 24–27 ноябрь кунлари бўлиб ўтган “AGROMEK – 2026” халқаро қишлоқ хўжалиги кўргазмасида иштирок этмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Стокгольмдаги элчихонамиз дипломатлари ташаббуси билан Дания қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат кенгаши (DAFC) ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳаларида фаолият юритувчи “Xojakent” ҳамда “Innovaconstruction” корхоналари вакилларидан иборат делегация қатнашди.
Таъкидлаш жоизки, Дания агросаноат соҳасида глобал муваффақиятларга эришган етакчи давлатлардан биридир. Ер майдонининг кичиклигига қарамасдан, Дания фермерлари ва озиқ-овқат компаниялари ўз маҳсулотларининг қарийб тўртдан уч қисмини экспорт қилади ҳамда узоқ йиллар давомида бу борада жаҳон стандартларини белгилаб келмоқда. Чорвачилик соҳасини модернизация ва ислоҳ қилаётган Ўзбекистон учун ушбу Скандинавия мамлакати истиқболли шерикка айланиб бормоқда.
530 та компанияни бирлаштирган “AGROMEK” кўргазмаси доирасида тадбиркорларимиз Дания қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат кенгаши, мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда соҳанинг етакчи компаниялари вакиллари билан мулоқотлар ўтказиб, ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш, илғор технологиялар ва инвестицияларни жалб этиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Хусусан, “Viking Livestock” ва “VikingGenetics” компаниялари билан ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида замонавий чорвачилик ва наслчиликни ривожлантириш, геном селекцияси, чорва моллари маҳсулдорлигини ошириш ҳамда илғор бошқарув усулларини жорий этиш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, “Calvex” ва “ColoQuick” компанияларининг чорвачиликдаги технологик ечимлари, ветеринария ва репродуктив технологиялар, биологик материалларни сақлаш ва ташиш соҳасидаги имкониятларини ўрганишга қизиқиш билдирилди.
Кўргазма дастуридан энергия тежамкор муҳандислик тизимлари, иситиш, вентиляция ва сув ёрдамида совитиш технологияларини қишлоқ хўжалиги, саноат ва қурилиш объектларида қўллаш масалалари ҳам ўрин олган. Бундан ташқари, “RedNordic” компанияси билан Ўзбекистонда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари ўрганилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


