“News Network Pakistan”: Ўзбекистоннинг янги Конституцияси иқтисодий муносабатлар асосларини янада мустаҳкамлаш йўлида муҳим босқич бўлди
Ноябрь 28, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 59
ИСЛОМОБОД, 28 ноябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “News Network Pakistan” онлайн нашрида “Янги Конституция – иқтисодий эркинлик ва инсон фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда 2023 йил 30 апрелда умумхалқ референдумида қабул қилинган Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрири мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, иқтисодий муносабатларнинг конституциявий асосларини мустаҳкамлаш йўлида муҳим босқич бўлгани таъкидланган. Унда хусусий мулк дахлсизлиги, тадбиркорлик ва иқтисодий фаолият эркинлиги, ҳалол рақобат, истеъмолчилар ҳуқуқларининг устуворлиги ҳамда ерга хусусий мулк ҳуқуқини қонунда белгиланган шартларда эътироф этиш каби кафолатлар янада аниқ ифодаланди.
Энг муҳими, янги Конституция иқтисодий эркинликни фақат тадбиркорлик субъектларининг манфаати сифатида эмас, балки инсоннинг муносиб ҳаёт кечириши, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши ва фаровонлигини оширишнинг муҳим шарти сифатида мустаҳкамлади.
Шунингдек, материалда Конституциянинг 65-моддаси давлатнинг бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратиш мажбуриятини белгилаши таъкидланган. 67-модда эса Ўзбекистон ҳудудида ягона иқтисодий макон, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши учун конституциявий асос яратади.
Янги Конституциядаги муҳим янгиликлардан бири ерга хусусий мулк ҳуқуқини қонунда белгиланган шартлар асосида эътироф этишдир. Конституциянинг 68-моддасига мувофиқ, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойлик ҳисобланади.
Ўзбекистоннинг янги Асосий қонунинг иқтисодий соҳадаги аҳамияти, энг аввало, инсоннинг мулкдор, тадбиркор, инвестор ёки истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ягона конституциявий тизим асосида ҳимоя қилишга қаратилганида намоён бўлади.
“Зеро, конституциявий ислоҳотларнинг ҳақиқий натижаси фақат янги ҳуқуқий нормаларнинг қабул қилиниши билан эмас, балки уларнинг инсонлар ҳаётидаги аниқ ўзгаришларда намоён бўлиши билан ўлчанади. Мулкдорнинг ўз мулки дахлсизлигига ишончи, тадбиркорнинг тенг шароитларда фаолият юритиши ва истеъмолчининг бузилган ҳуқуқини самарали тиклай олиши иқтисодий эркинликни реал фаровонликка айлантиради”,– деб ёзилган “News Network Pakistan” мақоласида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси