Саудиялик ишбилармонлар Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги, чорвачилик ва паррандачилик соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини ўрганмоқда
Февраль 13, 2024. 09:37 • 2 дақ
• 92
ЖИДДА, 13 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси дипломатлари Саудия Арабистонининг «Muhaidib Group» компанияси раиси ўринбосари Эмад бин Абдулқодир ал-Муҳайдиб ва «Golden Fields» компанияси бошқарув директори Маҳмуд Аҳмед билан музокара ўтказишди, деб хабар қиляпти «Дунё» АА мухбири.

Учрашув давомида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспортини кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик ва паррандачилик соҳаларида қўшма лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш истиқболлари хусусида фикр алмашилди.
«Muhaidib Group» компанияси раисининг ўринбосари Эмад бин Абдулқодир ал-Муҳайдиб Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги ва ерга ишлов бериш борасидаги катта тажрибасини эътироф этиб, қишлоқ хўжалиги экинлари, боғ ва манзарали ўсимликлар учун азотли ўғит маҳсулотларини ҳамкорликда ишлаб чиқаришни таклиф этди.
«Golden Fields» компанияси бошқарув директори Маҳмуд Аҳмед ўз навбатида, бугунги кунда дунё миқёсида озиқ-овқат масаласини ҳал этиш энг долзарб муаммо эканини айтиб ўтди. Ушбу муаммонинг негизида чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларидан олинадиган гўшт, сут ва тухум маҳсулотларини кўпайтириш, яъни чорвачилик тармоғини интенсив ривожлантириш ётади. Aҳолининг ушбу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини тўла қондириш учун чорва ҳайвонларини интенсив парваришлаш ва уларнинг озиқланиш маҳсулотларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Маҳмуд Аҳмеднинг айтишича, компания чорвачилик ҳайвонлари учун тайёр озуқа ем маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда Ўзбекистондан кепак, беда ва арпа экспорт қилиш йўналишида ҳамкорлик ўрнатиш истиқболларини ўрганиб чиқмоқда.
Саудия томони ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорликни йўлга қўйишни батафсил муҳокама қилиш мақсадида жорий февраль ойи охирида юртимизга келиш истагини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
2025 йил охирида Ўзбекистон иқтисодиёти 7,5 фоизга ўсиши прогноз қилинди
Сурхондарёда Россия компаниясининг шоуруми очилди
Тошкентда Ўзбекистон–Ўмон аёл тадбиркорлари II бизнес-форуми бўлиб ўтди