Logo

Хоразм вилоятининг савдо-иқтисодий, инвестициявий ва сайёҳлик имкониятлари Пекинда ўтказилган форумда тақдим этилди

Апрель 13, 2024. 09:10 • 3 дақ

568
Хоразм вилоятининг савдо-иқтисодий, инвестициявий ва сайёҳлик имкониятлари Пекинда ўтказилган форумда тақдим этилди

ПЕКИН, 13 апрель /"Дунё" АА/. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Илзат Касимов бошчилигидаги делегациянинг Пекинга амалий сафари давомида мамлакатимиз элчихонасида Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳамда Хитойнинг хорижда саноатни ривожлантириш уюшмаси билан биргаликда "Ўзбекистон – Хитой: савдо-иқтисодий, сармоявий ва туризм форуми" ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Иштирокчилар Хоразм вилоятида турли соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар жараёни билан танишдилар. Вилоятнинг савдо-иқтисодий жиҳатдан жозибадорлиги, туризм салоҳияти ҳамда хорижий сармоядорлар учун яратилаётган қулай шарт-шароит ва афзалликлар юзасидан батафсил тақдимот ўтказилди. Янги сайёҳлик йўналишларини ишлаб чиқиш бўйича фикр алмашилди.

Хитой компаниялари Хоразмда ташкил этилган эркин иқтисодий ва саноат зоналарида яратилган имкониятлардан кенг фойдаланишга ҳамда ҳамкорликда янги сармоявий лойиҳаларни амалга оширишга чақирилди.

Тадбирда сўзга чиққан Хитойнинг хорижда саноатни ривожлантириш уюшмаси бош котиби Цзянь Юн икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорлик алоқалари тобора кенгайиб бораётганини таъкидлаб, ушбу мамлакат компаниялари Ўзбекистон бозорида фаолият олиб боришга қизиқиши катта эканини билдирди.

Ўз навбатида, Хитой ишбилармон доира вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга Хоразм вилояти масъулларидан батафсил жавоб олишди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида Ўзбекистон ва Хитой бизнес вакиллари ўртасида B2B ва G2B шаклида музокаралар ўтказилди.

Форум давомида ўтказилган тор доирадаги учрашувларда турли соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди ва ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича қатор ҳужжатлар имзоланди.

Цзян Юнь, Хитойнинг хорижда саноатни ривожлантириш уюшмаси бош котиби:

— Бугун Ўзбекистоннинг Хоразм вилояти билан савдо-иқтисодий, сармоявий ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида мамлакатингизнинг Пекиндаги элчихонасида ташкил этилган форумда ҳамкор ташкилот сифатида иштирок этаётганимдан жуда мамнунман.

Тадбирда Хоразм вилояти ҳақида жуда муҳим ва қизиқарли бўлган маълумотларни олдик. Мамлакатларимиз тадбиркорларининг ўзаро ҳамкорлик ўрнатишга бўлган фаолликларини кузатдик.

Форумда иштирок этаётган Хитой компаниялари қишлоқ хўжалиги ёки янги энергия манбаларига, шу жумладан туризм соҳасига сармоя киритиш имкониятлари ва лойиҳалари ҳақида кўпроқ маълумот олишдан манфаатдор эканликларига гувоҳ бўлдик.

Уюшмамиз Хитойда Ўзбекистон вилоятларининг савдо-иқтисодий, сармоявий ва сайёҳлик имкониятларини тарғиб қилишга тайёр.

Ўтказилган тақдимотлар давомида, шунингдек, Хоразм вилоятидаги Хива шаҳрининг сайёҳлик салоҳияти, тарихий обидалари, гўзал маданияти ва урф-одатлар ҳақидаги қизиқарли маълумотлар билан ҳам танишдик.

Чжан Тао, "Chongqing Changzheng Heavy Industry Co., Ltd." компанияси директори ўринбосари:

— Хитойнинг хорижда саноатни ривожлантириш уюшмаси ва Ўзбекистон элчихонаси томонидан Пекин шаҳрида ташкил этилган савдо-иқтисодий, сармоявий ва сайёҳлик форумида иштирок этиб, Хоразм вилояти ҳақида батафсил маълумотларни олдик.

 Қайд этиш керакки, Ўзбекистон билан Хитой ўртасида яхши дўстона алоқалар ва барча соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик тобора ривожланиб бормоқда. Ушбу жиҳат мени жуда қувонтиради.

Хоразмлик тадбиркорлар билан ўтказилган икки томонлама учрашувлар давомида янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фикр алмашдик. Компаниямиз Ўзбекистон томони билан ҳамкорлик қилишга доимо тайёр.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш