Қайрат Сарибай: Термиз мулоқоти Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда

Июнь 04, 2026. 20:25 • 3 дақ

57
Қайрат Сарибай: Термиз мулоқоти Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда

ТОШКЕНТ, 4 июнь. /“Дунё” АА/. Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш бош котиби Қайрат Сарибай “Дунё” ААга пойтахтимизда бўлиб ўтаётган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг иккинчи йиғилиши хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

– Ўзаро боғлиқлик турли иқтисодий тизимлар ва бозорлар ўртасидаги ҳамкорлик асосини ташкил этади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2021 йилда илгари сурилган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик ташаббуси бугунги кунда тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.

Термиз мулоқоти айнан шу эзгу ғояларни амалий мазмун билан бойитиб, минтақа давлатлари ва халқаро ташкилотлар вакилларини ягона майдонда бирлаштирмоқда. Шу боис, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) ҳам мазкур муҳим тадбирда иштирок этмоқда. Чунончи, Термиз мулоқоти ва ОҲИЧКнинг мақсадлари ўзаро ҳамоҳанг бўлиб, ҳар икки платформа давлатлар ва халқлар ўртасидаги мулоқотни рағбатлантиришга хизмат қилади.

Сиёсий қарашлари, иқтисодий тараққиёт даражаси, маданий ва тарихий хусусиятлари турлича бўлишига қарамасдан, Осиё халқларини мулоқот ва ҳамкорликка интилиш бирлаштиради. Мулоқот орқали ўзаро манфаатли ҳамкорлик соҳалари аниқланади, иқтисодий ўсиш ва маданий алмашинув учун янги имкониятлар яратилади. Бу эса, ўз навбатида, тинчлик ва барқарор тараққиётни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Иқтисодий ва маданий алоқалар кенгайган сари давлатлар ўртасида уларни ажратиб турадиган омиллардан кўра, бирлаштирувчи манфаатлар устувор аҳамият касб этади. Шу маънода, Термиз мулоқоти Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш ва иқтисодий шерикликни янада чуқурлаштириш учун муҳим платформа вазифасини ўтамоқда.

Шунингдек ўқинг

Турли маданий мерос ва анъаналарга эга давлатларнинг умумий мақсадлар йўлида яқинлашуви бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Бу борада Термиз мулоқоти ўзаро англашув ва ишончни мустаҳкамлаш учун энг самарали майдонлардан бири ҳисобланади.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон ҳукуматининг Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббусларни изчил амалга ошираётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Давлат раҳбарининг минтақада интеграция, ҳамкорлик ва тараққиётга қаратилган ғоялари кенг қўллаб-қувватланмоқда ҳамда амалий натижалар бермоқда.

Ўтган йили Фарғонада ўтказилган Тинчлик форумида иштирок этдим. Менимча, Марказий Осиёдан таралаётган тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт ғоялари бутун Осиё учун муҳим туртки бўлмоқда. Қитъамизнинг марказида барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш орқали минтақада сақланиб қолаётган низоларни бартараф этиш учун мустаҳкам замин яратилади.

Бугун Марказий Осиёдан бутун минтақани бирлаштирувчи тинчлик, ҳамкорлик ва ривожланиш ғоялари илгари сурилмоқда. Бу жараён эса нафақат минтақа, балки бутун Осиё келажаги учун ҳам катта роль ўйнайди.

Ўзбекистонга Термиз мулоқотининг ташаббускори ва ташкилотчиси сифатида самимий миннатдорлик билдирамиз. Зеро, бугун ушбу майдонда кўплаб давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакилларининг ўзаро боғлиқлик масалаларини муҳокама қилиш учун бирлашгани муҳим аҳамиятга эга.

Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш