Покистоннинг “Daily Ittehad” газетаси мухбири Ўзбекистонда “Олтин қалам” миллий мукофоти билан тақдирланди

Июнь 27, 2026. 15:30 • 3 дақ

11
Покистоннинг “Daily Ittehad” газетаси мухбири Ўзбекистонда “Олтин қалам” миллий мукофоти билан тақдирланди

ИСЛОМОБОД, 27 июнь. /“Дунё” АА/. Тошкент шаҳрида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан тантанали тадбир ва “Олтин қалам” XX Миллий мукофоти учун халқаро танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур нуфузли танловда Покистоннинг марказий нашрларидан бири – “Daily Ittehad” газетасининг Ўзбекистонда доимий аккредитациядан ўтган мухбири Муҳаммад Аббос Хон “Олтин қалам” миллий мукофотининг “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” номинацияси бўйича иккинчи ўрин соҳиби бўлди.

Муҳаммад Аббос Хон кўп йиллар давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган халқаро ташаббуслар, минтақавий ҳамкорлик ва барқарор тараққиётга қаратилган саъй-ҳаракатларни Покистон жамоатчилигига холис ва атрофлича етказиб келмоқда. Унинг таҳлилий мақолалари ва интервьюлари Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш, мамлакатимиз ҳақида объектив тасаввурни шакллантириш ҳамда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги дўстона муносабатларни янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Журналист “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ва давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Учинчи Ренессанс ғояларини халқаро жамоатчиликка етказишга алоҳида эътибор қаратиб келади. Хусусан, 2025 йилда унинг муаллифлигида урду тилида “Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс — тараққиёт концепти” номли китоб нашр этилди. Асарда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, илм-фан, таълим, инновациялар ва инсон капиталига таянган тараққиёт модели ҳар томонлама таҳлил қилинган.

Ушбу китобга Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф томонидан сўзбоши ёзилгани унинг аҳамияти ва долзарблигини янада оширди. Китоб тақдимотлари 2025 йилда Исломобод ва Тошкент шаҳарларида юқори савияда ташкил этилиб, давлат ва жамоат арбоблари, дипломатлар, олимлар, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилди. Нашр кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди ва ижобий баҳоланди.

Бундан ташқари, Муҳаммад Аббос Хон Ўзбекистондаги сиёсий жараёнлар, халқаро форумлар, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик, транспорт-коммуникация лойиҳалари, маданий-гуманитар алоқалар, туризм, шунингдек, минтақавий хавфсизлик ва барқарор ривожланиш масалаларига бағишланган кўплаб таҳлилий материаллар, интервьюлар ва репортажлар тайёрлаб келмоқда. Унинг ижодий фаолияти Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати, инвестициявий салоҳияти, иқтисодий ислоҳотлари ҳамда мамлакатимизда яратилаётган янги имкониятларни халқаро аудиторияга кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Муҳаммад Аббос Хоннинг “Олтин қалам” миллий мукофоти билан тақдирланиши унинг кўп йиллик самарали журналистик фаолияти, Ўзбекистон ҳақида холис, ишончли ва мазмунли ахборотларни халқаро майдонда кенг ёритиш борасидаги хизматларининг муносиб эътирофи бўлди.

Ўзбекистоннинг Покистон элчихонаси  Муҳаммад Аббос Хонни ушбу юксак мукофот билан самимий муборакбод этади ҳамда унга Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги дўстлик, ўзаро англашув ва ахборот ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш йўлидаги фаолиятида улкан муваффақиятлар ва янги ижодий ютуқлар тилайди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш