Лука Бронделло: Ўзбекистонлик мутахассислар учун Италия қишлоқ хўжалигида ишлаш имкони яратилмоқда
Май 18, 2026. 20:25 • 3 дақ
• 11
ТОШКЕНТ, 18 май. /“Дунё” АА/. Италиянинг “Confagricoltura” қишлоқ хўжалиги конфедерацияси вице-президенти Лука Бронделли ди Бронделло бугун бошланган биринчи Тошкент халқаро миграция форуми доирасида “Дунё” АА мухбирига меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Фикримча, Тошкентдаги ушбу форум муҳим аҳамиятга эга. Бугун биз миграция ҳақида гапирамиз, миграция эса замонавий ҳаётнинг муҳим қисми ҳисобланади. Бу жараён тартибга солиниши ва назоратда бўлиши керак.
Италия қишлоқ хўжалиги конфедерацияси “Confagricoltura” вакили сифатида айтишим лозимки, биз Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларини тобора ривожлантирмоқдамиз. Хусусан, бу борада Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Миграция агентлиги билан яқин муносабатлар ўрнатилган. Ҳамкорликда амалга ошираётган дастур Ўзбекистонда соҳа мутахассисларини тайёрлашда муҳим аҳамиятга эга. Ушбу ўқув-курсини якунлаган иштирокчилар Италиядаги фермер хўжаликларида ишлаш имконига эга бўлади.
Амалга оширилаётган лойиҳа ҳақиқатан ҳам икки томон учун фойдали бўлади. Биз Ўзбекистон фуқароларига Италиядаги ҳаёт билан танишиш, қишлоқ хўжалигидаги замонавий усулларни ўрганиш ва тажриба олиш имконини яратамиз.
Италияда озиқ-овқат ва виночилик соҳаси жадал ривожланмоқда. Сўнгги ўн йилда маҳсулотларимиз экспорти икки баробардан кўпроқ ўсиб, йилига 73 миллиард еврога етди. Шу сабабли, бизга малакали мутахассислар зарур. Ўзбекистонда ўқишга, янги технологияларни ўзлаштиришга ва тажриба олишга интилаётган кўплаб ёшлар бор, деб ишонаман. Шу боис, ушбу ҳамкорлик ҳам Ўзбекистон, ҳам Италия учун муҳим ва фойдали қадам бўлади.
Биз тўғри йўлда ҳаракат қилмоқдамиз. Италия Бош вазири Жоржа Мелонининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида ҳукуматингиз билан муҳим келишув имзоланди. Биз Тошкентда қишлоқ хўжалиги соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича кучли ва замонавий марказ фаолият юритаётганини кўрдик. Ҳамкоримиз “Umana”, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Миграция агентлиги билан биргаликда амалга ошираётган ишларимиз яхши натижалар бермоқда. Менимча, биринчи мутахассислар гуруҳи яқин вақтда Италияга етиб боради.
Энг муҳими — одамларни Италияга келмасдан олдин сифатли тайёрлашдир. Биз учун улар мамлакат, маданият, тил ва касби ҳақида етарли тасаввурга эга бўлиши жуда муҳим. Бу, айниқса, бутун дунёда миграция жараёнлари тез ўзгараётган, шу жумладан, иқлим ўзгариши таъсири кучайиб бораётган шароитда долзарбдир. Агар бу жараёнлар оқилона ва масъулият билан бошқарилмаса, барча давлатлар учун жиддий муаммога айланиши мумкин. Шу боис биз Ўзбекистон билан бу соҳада ҳамкорлик қилаётганимиздан мамнунмиз.
Дастур иштирокчилари итальян тилини ўрганмоқда, чунки уларга мулоқот қилиш ва Италиядаги ҳаётни тушуниш керак бўлади. Шунингдек, улар касбий тайёргарликдан ўтмоқда. Биз дастлаб тракторларни бошқарадиган мутахассислар гуруҳидан бошлашга қарор қилдик. Бироқ замонавий тракторлар оддий техника эмас — бугунги кунда улар сунъий йўлдош тизимлари ва рақамли ечимлар билан ишлайдиган юқори технологик машиналардир. Замонавий қишлоқ хўжалиги тобора рақамлашмоқда ва бўлажак мутахассислар Ўзбекистондаёқ керакли билимларни олишмоқда. Улар Италияга келиб фермер хўжаликларимизда ишлаганидан сўнг янада юқори малакага эга бўлади.
Бундай форумни ўтказиш яхши ташаббус бўлиб, Ўзбекистон учун катта аҳамиятга эга. Бундай юқори даражадаги тадбирни ташкил этиш мамлакатнинг жадал ривожланаётганидан далолат беради. Ўзбекистон тобора очиқ давлатга айланмоқда, ўз фуқаролари учун янги имкониятлар яратмоқда ва бу катта ҳурматга сазовордир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Кубаничбек Омуралиев: Туркистон саммити туркий дунё рақамли интеграциясини янги даражага олиб чиқади



