Салим Ал-Малик: ICESCO Ўзбекистон Президентининг ташаббусларини қўшма ҳаракатлар режасига киритиш ниятида
Ноябрь 13, 2026. 18:30 • 2 дақ
• 75
АНТАЛИЯ, 13 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) бош директори Салим ал-Малик “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 10–11 ноябрь кунлари Анталия шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг иқлим бўйича етакчилари саммитидаги иштироки хусусида фикр билдирди:
– Иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича амалга оширилиши керак бўлган ҳаракатларни намойиш этаётган Ўзбекистон павильонини кўздан кечирдим. Мамлакатингиз ва ICESCO ўртасидаги муносабатлар 2025 йилда Самарқанд Ислом дунёсининг маданий пойтахти бўлганидан сўнг янада юқори босқичга кўтарилди.
Биз Ўзбекистонда кўплаб тадбирлар ўтказдик. Бу йил ислом оламининг рамзи бўлган Ислом цивилизацияси марказида Имом Бухорий меросига бағишланган халқаро конференцияда иштирок этдик. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган бундай ислоҳотлар Ўзбекистоннинг ислом дунёси учун тарихий мероси нақадар бой эканини кўрсатади.
Ўзбекистон Президенти Анталиядаги нутқида бир қанча ташаббусларни илгари сурди ва биз халқаро ташкилот сифатида уларни ҳаётга татбиқ этиш учун Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз. Биз Ўзбекистон билан яқин икки йилга мўлжалланган ҳаракатлар режасини ишлаб чиқяпмиз ва Президент нутқида билдирилган ташаббуслар ушбу режанинг бир қисмига айланишига ишонамиз.
Ўзбекистон вакиллари фақат ўз мамлакати ҳақида эмас, балки бутун дунё ҳақида гапиради. Менга ёққан ташаббуслардан бири – янги ташкил этилган Яшил университетдир. Мен Тошкент, Самарқанд ва Зоминда мамлакат раҳбариятининг иқлим ўзгариши ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини ўз кўзим билан кўрдим.
Иқлим ўзгаришига қарши амалга оширилаётган бундай ислоҳотлар келгусида ўзининг ижобий самарасини беришига, Ўзбекистоннинг экологияни асраш бўйича ташаббуслари нафақат миллий, балки халқаро миқёсда ҳам муҳим аҳамият касб этишига ишонаман.
Бу борадаги саъй-ҳаракатлар минтақавий ва глобал экологик муаммоларни ҳал этиш, барқарор ривожланишни таъминлаш ҳамда келажак авлодлар учун соғлом атроф-муҳитни сақлаб қолишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси