Тант Зав Лвин: Ўзбекистондаги “Имкон” реабилитация маркази каби муассасалар болаларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокида муҳим аҳамиятга эга

Октябрь 21, 2026. 19:00 • 2 дақ

• 188
Тант Зав Лвин: Ўзбекистондаги “Имкон” реабилитация маркази каби муассасалар болаларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокида муҳим аҳамиятга эга

САМАРҚАНД, 21 октябрь. /“Дунё” АА/. Мьянма Ижтимоий таъминот, ёрдам ва аҳолини кўчириш вазири ўринбосари Тант Зав Лвин “Дунё” ААга берган интервьюсида Ўзбекистонда имконияти чекланган болаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим олиши ва ҳар томонлама ривожланиши учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида фикр билдирди.

– Бутун дунёда болалар келажак бунёдкорлари сифатида ҳар бир мамлакатнинг энг катта бойлиги ҳисобланади. Шу боис, уларнинг ҳар томонлама камол топиши, сифатли таълим-тарбия олиши давлатларнинг энг муҳим вазифаларидан биридир.

Самарқандда ўтказилаётган “Болалар фаровонлигига сармоя киритиш: келажак авлодларнинг барқарор ва адолатли ривожланиши сари йўл” жаҳон саммити доирасида “Имкон” реабилитация марказларига ташриф буюрдим. Бу ерда яратилган шароитлар менда катта таассурот қолдирди. Муассасалар фаолияти пухта режалаштирилгани, таълим ва реабилитация жараёнлари тизимли йўлга қўйилгани яққол намоён бўлди.

Айниқса, мутахассис ва тренерларни тайёрлаш жараёнининг юқори савияда ташкил этилгани, махсус хоналарнинг зарур жиҳозлар билан таъминлангани ҳамда уларнинг ногиронлиги бўлган болалар билан ишлаш эҳтиёжларига мослаштирилгани эътиборимни тортди.

Шунингдек ўқинг

Бу ерда қўлланилаётган таълим-тарбия усуллари ва мактабгача таълим жараёнининг ташкил этилиши Ўзбекистоннинг ушбу йўналишдаги амалий тажрибаси билан яқиндан танишиш имконини берди.

Бундай муассасалар нафақат болаларнинг таълим олиши ва ривожланиши, балки уларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Зеро, ҳар бир боланинг салоҳиятини очиш, унинг қобилиятларини ривожлантириш ва муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароитларни яратиш умумий мақсадимиздир.

Мазкур ташриф ижтимоий ҳимоя соҳасида, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ва ногиронлиги бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш борасида тажриба алмашиш учун муҳим имконият бўлди. Бундай мулоқотлар мамлакатларимизнинг тегишли ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва ўзаро манфаатли тажрибаларни ўрганишга хизмат қилади.

Ўзбекистон ва Мьянма ўртасидаги дўстона алоқалар 2002 йилдан буён изчил давом этиб келмоқда. Ушбу муносабатларни янада мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳимоя ва инсон манфаатларига хизмат қиладиган йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш учун имкониятлар етарли. Келгусида ҳам ўзаро мулоқот ва тажриба алмашиш орқали дўстона муносабатларимизни янги босқичга олиб чиқамиз.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш