Бокуда “Бухоро карвонсаройи”нинг очилиши бўлиб ўтди
Март 22, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 92
БОКУ, 22 март. /“Дунё” АА/. Озарбайжон пойтахтида кенг кўламли реставрация ишлари якунланган “Бухоро карвонсаройи”нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлат аҳамиятига эга бўлган XV аср ёдгорлиги Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг топшириғи ва “Icherishаhаr” давлат тарихий-меъморий қўриқхонаси бошқармаси илтимосига биноан 3,5 йил ичида капитал таъмирланди. Ишлар Австриянинг “Atelier Erich Pummer GmbH” компанияси томонидан амалга оширилди.
Тадбирда Озарбайжон президенти ёрдамчиси, Ҳайдар Алиев фонди ижрочи директори Анар Алекперов, маданият вазири ўринбосари Саодат Юсуфова, Ўзбекистон элчиси Баҳром Ашрафхонов, “Icherishаhаr” қўриқхонаси бошқаруви раиси Руфат Маҳмуд, маданият ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар ўтказилган реставрация тарихий меросни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. “Бухоро карвонсаройи”нинг тарихи Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларининг кўп асрлик алоқалари билан чамбарчас боғлиқлиги таъкидланди. Ўтмишда у Мовароуннаҳр шаҳарларидан келган савдогарлар ва сайёҳлар учун савдо, маданий ва дўстона алоқаларни ривожлантириш маркази бўлиб хизмат қилган.
Янги концепцияга кўра, карвонсарой ҳунармандлар учун замонавий ижод масканига айлантирилди. Мажмуада 18 та хона бўлиб, уларнинг ҳар биридан турли йўналишдаги усталар фойдаланади. Бу ерда тўқувчилик, ҳайкалтарошлик, кўнчилик, рассомлик, гиламдўзлик, миниатюра, бадиий кулолчилик ва ёғоч ўймакорлиги бўйича маҳорат дарслари ўтказилади.Бу ташриф буюрувчиларга Озарбайжон ва Ўзбекистон халқ санъати анъаналари билан яқиндан танишиш имконини беради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси