Ўзбекистон ҳудудидан бронза даврига оид жарроҳлик амалиёти излари топилди
Июнь 03, 2026. 09:25 • 2 дақ
• 155
АНҚАРА, 3 июнь. /“Дунё” АА/. Туркиянинг археология бўйича етакчи нашрларидан бири – “Arkeofili” журналида Ўзбекистондаги ноёб археологик кашфиётга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда ёзилишича, Ўзбекистон ҳудудидан бронза даврига мансуб, тахминан тўрт минг йиллик тарихга эга ва трепанация излари сақланган бола бош суяги топилган.
Мазкур топилма Марказий Осиёда қадим замонларда жарроҳлик амалиёти амалга оширилганининг далили бўлиб, Осиё ҳудудида аниқланган энг қадимги шундай намуналардан бири ҳисобланади.
Ушбу ноёб кашфиёт ўзбек ва италиялик олимлардан иборат халқаро тадқиқотчилар гуруҳи томонидан Сурхондарё вилоятида, Афғонистон билан чегарадош ҳудудда жойлашган Жарқўтон археологик ёдгорлигида олиб борилган қазишмалар давомида аниқланган.
Мақбара милоддан аввалги III минг йилликнинг охирига мансуб бўлиб, Бақтрия–Марғиёна археологик мажмуаси номи билан ҳам машҳур бўлган Окс цивилизацияси даврига тегишлидир. Олимлар маълумотига кўра, жарроҳлик амалиёти излари тахминан беш ёшида вафот этган боланинг бош суягида аниқланган.
Қазишма ишларига раҳбарлик қилган Саленто университети археологи Энрико Аскалоне Марказий Осиёда тўрт минг йил муқаддам яшаган бола бош суягида трепанация изларининг аниқлангани минтақанинг қадимги жамиятларида тиббий билимлар юқори даражада бўлганини кўрсатувчи муҳим кашфиёт эканини таъкидлади.
Тадқиқотчилар фикрича, мазкур топилма тиббиётнинг ривожланиш даражаси, мутахассисларнинг малакаси ҳамда бундай мураккаб операциянинг гўдак ёшдаги болага қандай сабаблар билан ўтказилгани ҳақида қатор янги саволларни кун тартибига олиб чиқмоқда. Илмий жамоа ушбу саволларга жавоблар кейинги тадқиқотлар давомида топилишига умид билдирмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




