Венгрия Миллий кутубхонаси фондида сақланаётган Ўзбекистон ва туркий халқлар тарихига оид қўлёзмаларнинг нусхалари Тошкентда намойиш этилади
Июнь 28, 2025. 12:10 • 2 дақ
• 827
БУДАПЕШТ, 28 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Ойбек Шаҳавдинов Ференц Сечень номидаги Венгрия Миллий кутубхонаси директори Давид Рожа билан музокаралар ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон тарихи, маданияти ва илмий меросига оид қўлёзмаларни ўрганиш, асраб-авайлаш ва оммалаштириш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар қўшма кўргазмалар ташкил этиш, Ўзбекистон ва туркий дунёга оид нодир архив ва қўлёзма материалларнинг рақамли нусхаларини алмашиш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, ноёб манбалар факсимилиясини яратиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратдилар. Шунингдек, каталоглар тайёрлаш, қўшма нашрлар ва илмий тадбирлар, жумладан, халқаро анжуманлар, давра суҳбатлари ва тақдимотлар ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.
Венгрия томони 2025 йил августидан 2026 йилнинг февралигача Ўзбекистонда бўлиб ўтиши режалаштирилган "Ўзбекистон маданий мероси – бутун инсоният мероси" халқаро кўргазмасининг очилиш маросимида иштирок этишга тайёрлигини тасдиқлади. Бундан ташқари, кўргазмада Венгрия Миллий кутубхонаси фондларида сақланаётган Ўзбекистон ва туркий халқларга оид қўлёзмалар нусхаларини тақдим этилиши маълум қилинди.
"Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва мамлакатингизнинг бошқа ихтисослашган муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш биз учун фойдали. Ўзбекистон ва туркий дунё халқларининг илм-фан, маданият ва фалсафа ривожига қўшган ҳиссасини акс эттирувчи қўлёзмаларнинг факсимил нусхаларини яратиш бўйича биргаликдаги ишлар ўзаро ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бўлади", – деди кутубхона директори Давид Рожа.
Музокаралар якунида Венгрия Миллий кутубхонаси негизида қўлёзма меросини тиклаш, сақлаш ва рақамлаштириш бўйича Ўзбекистон мутахассислари учун қисқа муддатли малака ошириш курсларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси